Дунё

Хитойга йилнинг энг кучли тўфони ёпирилди: 1 миллиондан ортиқ одам эвакуация қилинди

Хитойга йилнинг энг кучли тўфони ёпирилиши сабабли 1 миллиондан ортиқ киши эвакуация қилинди.

9-август куни Хитойнинг шарқий қирғоқларига "Делфин" тўфони етиб келди. Бу жорий йилда мамлакатда кузатилган энг кучли тропик сиклон бўлиб, кучли ёмғир ва шамолларни олиб келди. Расмийлар сув тошқинлари ва кўчкилар хавфи ҳақида огоҳлантирди, деб хабар берди Реутерс.

Хитой метеорология идораларининг маълумотларига кўра, тўфон якшанба куни тахминан соат 17:30 да Чжесзян провинсиясининг шарқий қисмидаги Юйхуан шаҳри яқинидаги қирғоққа етиб келган. Тўфон марказидаги максимал доимий шамол тезлиги секундига 42 метрга (соатига 151 км) етган, бу Саффир-Симпсон шкаласи бўйича 1-тоифали довул кучига тенг.

Расмийлар денгиздаги ищиларни хавфсиз жойларга кўчирди ва кемаларни портларга қайтаришга мажбур қилди. Шунингдек, сув омборлари, тоғ дарёлари, кўчки хавфи мавжуд ҳудудлар, қурилиш майдончалари ва сайёҳлик объектларида назорат кучайтирилди.

**1 миллиондан ортиқ одам эвакуация қилинди**

"Делфин" тўфони Хитой шарқида транспорт қатновини жиддий равишда бузди. 1 миллиондан ортиқ киши ўз яшаш жойларидан эвакуация қилинди. Шанхай шаҳрининг ўзида камида 30 300 киши хавфсиз ҳудудларга кўчирилди.

ВариФлигҳт парвозларни кузатиш хизмати маълумотларига кўра, шаҳарда қарийб 1 500 та авиақатнов бекор қилинган.

**Чжесзян провинсиясида 900 мингдан ортиқ киши кўчирилди**

Қўшни Чжесзян провинсиясидаги Венчжоу шаҳрида 900 мингдан ортиқ аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. Шаҳарда 1 мингдан зиёд вақтинчалик бошпана маркази очилди.

Фуцзян провинсиясида эса хавфли ҳудудлардан 98 900 киши эвакуация қилинди. Расмийлар тўфон билан боғлиқ фавқулодда вазият режимини ИИИ даражага кўтарган. Чжесзян, Шанхай ва Сзянсу провинсияларида ҳам ИИИ даражадаги фавқулодда вазият режими жорий этилган.

Фуцзян денгиз маъмурияти маълумотларига кўра, қирғоқ бўйлаб 55 та йўловчи паром йўналиши вақтинча тўхтатилган. Шунингдек, денгиздаги 115 та қурилиш лойиҳаси тўхтатилиб, 290 та қурилиш кемаси хавфсиз жойларга олиб чиқилган.

**Кучли ёмғирлар давом этиши кутилмоқда**

Метеорологлар 10-августгача Чжесзян, Шанхай, Фуцзяннинг шимолий қисми, Сзянси провинсиясининг шимоли-шарқи, Анхуй маркази ва жануби ҳамда Сзянсу провинсиясининг катта қисмида кучли ёмғир ёғишини прогноз қилмоқда. Чжесзяннинг марказий ва шарқий ҳудудларида ёғингарчилик миқдори 250–500 миллиметргача етиши мумкин.

Хитой Миллий метеорология маркази бош прогнозчиси Ван Хайпиннинг айтишича, қуруқликка чиққач, "Делфин" тўфони ғарбга қараб ҳаракатланади. Кейинчалик у Хитойнинг марказий ва жануби-ғарбий ҳудудлари устида секинлашиб, аста-секин кучсизланиши кутилмоқда.

Бироқ тўфоннинг секинлашиши кучли ёмғирларнинг узоқроқ давом этишига олиб келиши мумкин. Айниқса, тоғли ҳудудлар ва кичик дарёлар бўйида сув тошқини ҳамда кўчки хавфи юқори.

Сув ресурслари вазирлиги маълумотларига кўра, Цянтанг, Юн, Сзяо ва Шуйян дарёларида сув сатҳи кескин кўтарилиши мумкин. Энг кўп зарар кўрган ҳудудлардаги кичик дарёларда эса сув сатҳи хавф чегарасидан ошиши эҳтимоли мавжуд.

Расмийлар Чжесзяннинг айрим ҳудудларида геологик офатлар хавфи юқори эканидан огоҳлантирди. Тоғлардан келувчи сел хавфи бўйича қизил даражадаги огоҳлантириш эълон қилинган ҳудудлар аҳолиси эвакуация тўғрисидаги маҳаллий кўрсатмаларга амал қилишга чақирилди.

tabiiy ofatxitoysuv toshqinito'fon"delfin" to'foniko'chkiob-havoevakuatsiya