Технология

Хитойда хорижликларни кузатувчи очиқ полиция платформаси аниқланди

Хитойда чет элликларни кузатишга мўлжалланган очиқ полиция платформаси топилди. Киберхавфсизлик бўйича тадқиқотчи ва журналист Марк Ҳофер тасодифан Хитой полициясининг очиқ платформасини аниқлади. Унда Хитойда яшовчи ёки мамлакатга ташриф буюрган минглаб чет элликларнинг шахсий маълумотлари сақланган.

Тҳе Нев Ёрк Тимес нашрининг ёзишича, бу ҳолат Хитой ҳукуматининг нафақат ўз фуқаролари, балки хорижликларни ҳам рақамли кузатиш кўлами қанчалик кенг эканлигини кўрсатади. Нашр маълумотларига кўра, 2026-йил бошида Ҳофер тармоқни одатий мониторинг қилиш жараёнида "Чет элликларни динамик мониторинг қилиш платформаси" деб номланган сервисга дуч келган.

Ушбу тизим Чжанжиакоу шаҳрига тегишли бўлиб, унда деярли 12 минг кишининг маълумотлари мавжуд. Булар орасида хорижликлар, журналистлар, Гонконг ва Тайван аҳолиси, шунингдек, "юқори хавф" гуруҳига киритилган шахслар бор.

Журналистни энг кўп ҳайратга солган нарса базада ўзининг ҳам профили борлиги бўлди. Унда Хитой иммиграция хизмати томонидан олинган фотосурат, паспорт рақами ва мобил телефон рақами жойлаштирилган.

Платформада оддий миграция қайдларидан кўра анча кўпроқ маълумот сақланган. Ундан паспорт маълумотлари, манзиллар, оилавий аҳволи, иш жойи, самолёт ва поезд чипталари, касалхонага ташрифлар, ёнилғи тўловлари ва ҳатто кузатув камералари ҳамда юзни таниш тизимлари қайд этган ҳаракатлар ўрин олган.

Сақланган маълумотларни таҳлил қилгач, журналистлар ушбу база Хитой ҳукуматининг хорижликларнинг хатти-ҳаракатларини тўлиқ назорат қилиш учун видеокамералар, тиббий ёзувлар, давлат реестрлари ва бошқа манбалардан олинган ахборотларни қандай бирлаштиришини кўрсатади, деган хулосага келишди.

Платформанинг амалда мутлақо ҳимояланмагани алоҳида хавотир уйғотади. Киберхавфсизлик бўйича тадқиқотчи Грег Уолтоннинг сўзларига кўра, бу Хитой рақамли кузатув инфратузилмасининг жуда тез ўсаётгани натижасидир.

Аввалроқ АҚШ ҳукумати сунъий интеллект соҳасини ва миллий хавфсизликни киберҳужумлардан ҳимоя қилиш мақсадида Хитойнинг гуманоид роботлари ҳамда инверторларини тақиқлаганди.

human rightschinanational securitytechnologycybersecuritydata privacysurveillanceforeigners