Хитойда 27 минг километрлик мегаҳалқа қурилиши бошланди
Хитой ҳукумати мамлакатнинг қуруқликдаги чегаралари ва денгиз соҳиллари бўйлаб ўтадиган, умумий узунлиги 27 минг километрдан ортиқ ягона транспорт ҳалқасини барпо этиш лойиҳасини бошлади. Лойиҳа 2026–2030-йилларга мўлжалланган 15-беш йиллик тараққиёт дастури доирасида амалга оширилади.

Хитойда 27 минг километрдан ортиқ узунликдаги улкан транспорт ҳалқаси қурилиши бошланди. Хитой Транспорт вазирлигининг маълумотларига кўра, ушбу янги тизим учта миллий автомагистрал – Г219, Г331 ва Г228 йўлларидан иборат бўлиб, улар мамлакатнинг деярли бутун периметрини қамраб олади.
Бу уч магистрал Шинжон-Уйғур автоном раёни, Ляонин вилояти ва Гуанси-Чжуан автоном раёнида бир-бирига уланади. Натижада, Хитойнинг шимолий, ғарбий, жанубий ва шарқий соҳилларини ягона транспорт тармоғига бирлаштирувчи тизим шаклланади.
Транспорт ҳалқасининг энг узун қисми Г219 автомагистрали бўлиб, унинг узунлиги қарийб 10 минг километрни ташкил этади. Бу йўл Шинжондаги Канас ҳудудидан бошланиб, Гуансидаги Дунсин шаҳригача етиб боради. У чўллар, Цинхай–Тибет тоғлиги, Ҳимолай тоғлари, чуқур даралар, музликлар ва ботқоқ ҳудудлар орқали ўтади.
Г331 магистрали тахминан 9,2 минг километрга чўзилган бўлиб, Ляониндаги Дандун шаҳридан Шинжондаги Олтой шаҳригача боради. У Хитойнинг шимолий чегаралари, Ички Мўғулистон даштлари ҳамда мамлакатнинг йирик қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик ва энергетика ҳудудларини кесиб ўтади.
Шарқий ва жанубий соҳил бўйлаб ўтувчи Г228 магистрали эса қарийб 7,4 минг километр узунликка эга. У Дандун ва Дунсин шаҳарларини боғлаб, ўнлаб порт шаҳарлари ҳамда Янсзи ва Чжуцзян (Марварид) дарёлари ҳавзаларини ўзаро туташтиради.
Хитой Транспорт вазирлигининг таъкидлашича, ушбу лойиҳа нафақат автомобил йўллари тармоғини кенгайтириш, балки мамлакатнинг чегара ҳудудларини ривожлантириш, табиий ресурсларни ўзлаштириш ва ички туризмни рағбатлантиришга ҳам хизмат қилади. Шунингдек, транспорт ҳалқаси юзлаб табиий ва тарихий обидаларни, йирик саноат, энергетика ва қишлоқ хўжалиги марказларини ўзаро боғлайди.
Лойиҳа доирасида 100 дан ортиқ йирик чегара ўтиш пунктлари ва кўплаб денгиз портлари ягона транспорт тармоғига интеграция қилинади. Бу эса логистика самарадорлигини ошириш, ташқи савдони ривожлантириш ҳамда чегара ҳудудларининг иқтисодий ва транспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

