Хитой яқин кунларда Эронга 400 тагача ракета тизимлари етказиб беради

Эрон яқин ҳафталар ичида Хитойдан 400 тагача ракета тизимларининг дастлабки партиясини қабул қилиб олади. Бу ҳақда Реутерс агентлигига келишувдан хабардор уч манба маълум қилди.
АҚШ билан давом этаётган уруш шароитида Эрон ўз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамламоқда. Тахминан 60-70 миллион долларга баҳоланган ушбу шартнома Теҳроннинг феврал ойи охирида АҚШ ва Исроил билан уруш бошланганидан бери қисқа масофали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини кучайтириш бўйича энг йирик саъй-ҳаракатларидан биридир. Уруш Эроннинг ҳарбий ва стратегик обьектларини ҳимоя қилишдаги заиф томонларини очиб берди.
**Келишув тафсилотлари ва воситачилар**
Манбаларнинг таъкидлашича, шартнома 300 дан 400 тагача кўчма ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини (МАНПАДС), жумладан, Хитойнинг ҚВ-12 ва ФН-16 ракеталарини сотиб олишни ўз ичига олади.
Ҳужжат Гонконгда жойлашган Зҳонгқинг Баошанг Интернатионал Инвестмент компанияси билан имзоланган. Манбаларга кўра, ушбу компания Эрон ва Хитой етказиб берувчиси ўртасида воситачи вазифасини бажармоқда. Масаланинг нозиклиги сабабли манбалар аноним қолишни сўради. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бу борада изоҳ бермади. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса қуйидагича баёнот берди:
“Тегишли хабарлар мутлақо асоссиз. Хитой изчил равишда тинчликни тарғиб қилиш ва низоларни тугатишда рол ўйнаб келмоқда”.
Пекиндаги Зҳонг Қинг Бао Шанг Гроуп бош компанияси ҳам бу мавзу бўйича сўровга жавоб қайтармади.
**Эроннинг қайта қуролланиш сабаблари**
Эрон ойлар давом этган жанглардан сўнг қайта қуролланишга мажбур бўлмоқда. Уруш давомида АҚШ ва Исроил Эроннинг ракета, дрон ва ҳаво ҳужумидан мудофаа дастурларига алоқадор обьектларга зарбалар берди. Теҳрон эса бунга жавобан баллистик ракеталар ва дронлар учирди. Можаро доимий ҳарбий ва стратегик обьектларни замонавий самолётлар ҳамда аниқ нишонга олувчи қуроллардан ҳимоя қилиш қанчалик қийинлигини кўрсатди.
Вашингтон 24-июл куни кутилмаганда икки ҳафталик бомбардимонларни тўхтатди. Аммо АҚШ президенти Доналд Трамп, агар музокаралар беш ойлик низони якунлай олмаса, зарбалар қайта тикланишини айтди. Бу уруш апрел ойидан бери назарий жиҳатдан оташкесим ҳолатида эди.
Юзлаб кўчма тизимларнинг етказиб берилиши Эроннинг қисқа масофали ҳаво ҳужумидан мудофаа қуроллари захирасини сезиларли даражада кенгайтиради. Шунингдек, бу Хитой билан ҳарбий алоқалар чуқурлашаётганини кўрсатади. Бироқ манбаларнинг огоҳлантиришича, шартнома имзоланган бўлса-да, етказиб бериш жадвали, миқдори ва бошқа тафсилотлар ҳали ўзгариши мумкин.
**Етказиб бериш йўналишлари**
Режага кўра, қуроллар дастлаб Хитой ғарбидаги Урумчидан ҳаво йўли орқали Покистонга, сўнгра Эронга ўтказилади. Манбалар қурол Покистондан Эронга ҳаво ёки қуруқлик йўли орқали ўтишига аниқлик киритмади.
“Покистоннинг Хитойдан Эронга ҳаво ҳужумидан мудофаа қуролларини етказиб беришда иштирок этаётгани ҳақидаги тахминлар мутлақо уйдирма ва ёлғондир”, дея баёнот берди Покистон қуролли кучлари матбуот хизмати (ИСПР).
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили ҳам вазиятга муносабат билдирмади. Шу билан бирга, икки Ғарб разведка манбаси ва Эрон расмийси Теҳрондаги расмийлар Хитой ҳарбий маҳсулотларини хавфсизроқ ташиш учун қуруқлик йўлларидан ҳам фойдаланишни кўриб чиққанини билдирди.
**Қуролларнинг хусусиятлари**
Сўнгги йилларда Эрон ракеталар, дронлар ва радарларга катта сармоя киритди. Аммо экспертларнинг айтишича, кўчма ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари жуда муҳим. Чунки уларни тезда тарқатиш, кичик гуруҳлар билан бошқариш ва жойини тез-тез ўзгартириш мумкин.
Европа хавфсизлик манбаси унинг мамлакати расмийлари Эронга ҚВ сериясидаги (ҚВ-12, ҚВ-18 ва ҚВ-19) тизимларни сотиш бўйича муҳокама қилинаётган бир нечта шартномалардан хабардорлигини айтди. Яқин Шарқдаги иккинчи манба Эрон ҚВ-12 ва ҚВ-18 ракеталарини сотиб олишга уринаётганини айтди, аммо келишув тузилган-тузилмаганини билмаслигини билдирди.
ҚВ-12 ва ФН-16 бу пастдан учадиган самолётлар, вертолётлар ва дронларни уриб тушириш учун мўлжалланган, елкадан отиладиган ҳамда инфрақизил нурлар орқали нишонни топадиган ракеталардир.
Ҳарбий таҳлилчилар ҚВ-12 тизимини янгироқ ҚВ-18 ва ҚВ-19 вариантларига қараганда имконияти пастроқ деб ҳисоблайди. Шундай бўлса-да, бу тизимлар дронлар ва паст учар нишонларга қарши самарали қисқа масофали ҳимоя қатламини таъминлай олади. Аввалроқ Эрон АҚШнинг Иорданиядаги ҳарбий базасига бир нечта баллистик ракеталар учиргани ҳақида хабар берилганди.

