“Урушдан кетиш учун граната билан ўзимни яраладим”. Тошкент вилоятида Украинада жанг қилган фуқаронинг озодлиги 4 йилга чекланди
Тошкент вилояти Оққўрғон тумани суди Россия-Украина урушида қатнашган 38 ёшли эркакка ҳукм чиқарди. Судланувчи айтишича, қамоқхонада унга армия билан шартнома имзолаш таклиф қилинган, кейин Украинада қочишга уринган ва ўзини граната билан яралаган. Унга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

“Урушдан қочиш учун граната билан ўзимни яраладим”. Украинадаги жангларда қатнашган фуқаронинг Тошкент вилоятида озодлиги 4 йилга чекланди.
14-июл куни Тошкент вилояти Оққўрғон тумани жиноят ишлари бўйича судида Россия-Украина урушида Россия томонида жанг қилган 38 ёшли Т.А. исмли фуқаронинг жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда “Газета” суд ҳужжатлари билан танишиб хабар берди.
Суд ҳужжатларига кўра, Т.А. 2018-йил сентабр ойида ишлаш мақсадида Россияга жўнаб кетган. Кейинчалик, у Россиянинг Кострома вилояти суди томонидан гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятда айбдор деб топилиб, 2021-йил март ойида 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. У 2025-йил 27-августда жазони ўтаб бўлган.
Иш материалларида қайд этилишича, Т.А. моддий ёки бошқа шахсий манфаатни кўзлаб, 2025-йил сентабр ойида Россия Қуролли кучлари сафига ёлланма аскар сифатида қўшилган ва Россия-Украина урушида Россия томонида жанг қилган.
Суд ҳужжатларига кўра, Т.А. 2026-йил 20-март куни қўлга олинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Иш материалларига кўра, бу ҳолат 2026-йил 17-март куни Бўка тумани ИИБ ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан чет эл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига ёлланиб, жанговар ҳаракатларда иштирок этган шахсларни аниқлаш бўйича ўтказилган мониторинг давомида фош этилган.
**“Қамоқхонада Россия армиясига қўшилишни кўп маротаба таклиф қилишди”**
Судда Т.А. айбига қисман иқрор бўлди.
Унинг сўзларига кўра, 2018-йил сентабр ойида моддий қийинчиликлар туфайли ишлаш учун Россияга кетган ва Москвада қурилишларда ишлаган. Кейинчалик, 2020-йил июл ойида гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ айблов билан қўлга олиниб, 7 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилган.
Судланувчининг айтишича, у жазони Костромадаги жазони ижро этиш муассасасида ўтаётган вақтида қамоқхона тезкор ходимлари маҳкумларга Россия армияси сафида Украинадаги урушда қатнашишни таклиф қила бошлаган.
“Дастлаб бунга рози бўлмадим. Кўп маротаба таклиф қилишди. Эвазига озодликка чиқариш, жазо муддатини бекор қилиш, Россия фуқаролигини бериш ва 1 миллион рубл тўлашни ваъда қилишди. Кўпчилик шу сабабли рози бўлиб кетди”, — деди у.
Унинг таъкидлашича, таклифни қабул қилмаганидан кейин унга турли босимлар ўтказилган.
“Зах жойларга ташлаб қўйишди. Бундай муносабат асосан мусулмонлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қилинди. Қийналиб кетганим учун кейин рози бўлдим”, — деди судланувчи.
**“Икки ҳафта тайёргарликдан ўтгач, Луганскка юборишди”**
Т.A.ning айтишича, 2025-йил август ойи охири — сентабр ойи бошида Россия Мудофаа вазирлиги унга Россия томонида жанговар ҳаракатларда иштирок этишни яна таклиф қилган. Бунинг эвазига жазо муддати бекор қилиниши айтилган.
Унинг сўзларига кўра, розилик билдиргач, Воронеж вилоятига юборилган ва у ерда ҳарбий шартномани имзолаган. Кейин ҳарбий кийим ва қурол-яроғ берилган ҳамда Украинанинг Луганск вилоятига жўнатилган.
Судланувчининг айтишича, у ва бошқа янги жалб қилинган ҳарбийлар икки ҳафта давомида қуролдан фойдаланиш ва жанговар ҳаракатлар бўйича тайёргарликдан ўтган.
Шундан кейин улар қўриқланадиган ҳудудларга тақсимланган. Т.A.ning сўзларига кўра, унга белгиланган ҳудудни ҳимоя қилиш ва қарши томонни ўтказмаслик вазифаси юклатилган. У бу вазифани 10 кун давомида бажарган.
**“Қочишга уриндим, кейин граната билан ўзимни яраладим”**
Судланувчининг айтишича, жанговар ҳаракатлар бошланганидан етти кун ўтгач қочишга уринган, аммо ушланган.
“Қоча олмаганимдан кейин қўл гранатаси билан ўзимни яраладим. Мақсадим уруш ҳудудидан чиқиб, уйга қайтиш эди”, — деди у.
Унинг сўзларига кўра, аввал Луганск вилоятидаги, кейин бошқа шифохоналарда даволанган. Сўнг Москвадаги касалхонага юборилган ва у ердан Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилиб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг амал қилиш муддати тугагани сабабли Ватанга қайтиш гувоҳномасини олган.
Т.A.ning айтишича, у 2025-йил 30-ноябр куни Ўзбекистонга қайтган.
Судланувчи Россия армияси сафига ўз хоҳиши билан қўшилмаганини, қамоқхонада озодликка чиқариш, Россия фуқаролигини бериш ва пул ваъда қилинганидан кейин розилик берганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, урушда иштирок этгани учун банк картасига 400 минг рубл, шунингдек, ҳар ой 245 минг рублдан маош ўтказилган. Жароҳат олгач, касалхонага келган вақтида 500 минг рубл олган ва бу маблағнинг бир қисмини Ўзбекистонга қайтиш учун сарфлаган.
“Ҳарбий ҳаракатларда қатнашишдан асосий мақсадим озодликка чиқиш эди. Ҳозир қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман”, — деди у ва суддан енгиллик беришни сўради.
Суд Т.A.ga жазо тайинлашда унинг айбига қисман иқрор бўлгани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жиноятни мушкул аҳволда содир этгани, оилавий шароити, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани ҳамда маҳалла томонидан кафолат хатлари тақдим этилганини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида инобатга олди.
Шу билан бирга, суд Т.A.ning муқаддам судланганини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолади.
Қарорда қайд этилишича, суд Т.A.ning жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятига қарам ҳолатда жиноят содир этгани, оилавий шароити, икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатларни жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи омиллар деб топган ҳамда уни жамиятдан ажратмасдан туриб ахлоқан тузатиш мумкин, деган хулосага келган.
Шу асосда суд Т.A.ni Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш) билан айбдор деб топди ва 57-модда (Енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллади.
Натижада унга 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Суд қарорига кўра, у иш вақти, шунингдек иш жойига бориш ва уйига қайтиш учун зарур вақтдан ташқари пайтларда Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги яшаш манзилини тарк эта олмайди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан Т.A.ning 2026-йил 20-мартдан 14-июлгача қамоқда сақланган 116 куни жазо муддатига ҳисобланди. Натижада унга 3 йил 8 ой 6 кун озодликни чеклаш жазосини ўташ қолдирилди.
Суд маҳкум зиммасига қатор қўшимча мажбуриятларни ҳам юклади. Унга кафе, бар, ресторан ва тунги клублар каби кўнгилочар масканларга бормаслик, оммавий тадбирларда иштирок этмаслик, пробация органининг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ва Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқмаслик, муқаддам судланган шахслар билан алоқа ўрнатмаслик ҳамда алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик мажбурияти юклатилди.
Жазо ижросини Нишон тумани ИИБ Пробация бўлинмаси назорат қилади.

