“Дрон ҳужумида чап кўзимдан айрилдим”. Украинада жанг қилган қашқадарёлик 3 йилга қамалди
Россияга ишлашга борган қашқадарёлик гиёҳвандликка оид жиноят учун қамалган. Унинг айтишича, жазони ўтаётганида колонияда босим остида Россия армияси билан шартнома имзолаб, Украинадаги урушга юборилган. Дрон ҳужумида оғир жароҳатланган эркак Ўзбекистонга қайтгач, 3 йилга озодликдан маҳрум этилди.

**"Дрон ҳужумида чап кўзимдан айрилдим". Украинада жанг қилган қашқадарёлик 3 йилга қамалди**
Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани жиноят ишлари бўйича судида 14-июл куни Россия-Украина урушида Россия томонида жанг қилган 32 ёшли А.М. исмли фуқаро устидан жиноят иши кўриб чиқилди. Газета суд ҳужжатлари билан танишди.
Суд материалларига кўра, А.М. 2020-йил декабр ойида ишлаш мақсадида Россияга жўнаб кетган. Кейинчалик у гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятда айбланиб, Россиянинг Липецк вилояти суди томонидан 2024-йил июл ойида 9 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Иш материалларида қайд этилишича, жазони ўташ даврида А.M.ga жазодан муддатидан олдин озод этиш, Россия фуқаролигини бериш, 1,2 миллион рубл миқдорида бир марталик тўлов ва ойига 210 минг рубл маош ваъда қилинган. Шундан сўнг, у 2025-йил 22-август куни Россия Мудофаа вазирлиги билан Россия-Украина урушида Россия томонида иштирок этиш бўйича бир йиллик ҳарбий шартнома имзолаган.
Шартнома имзолангач, у жазодан муддатидан олдин озод қилинган ва Россия Мудофаа вазирлигига қарашли 91704-сонли ҳарбий қисмнинг 144-дивизияси 254-полки штурм отрядига ўқчи лавозимига тайинланган. Унга Россия Мудофаа вазирлиги томонидан ҳарбий гувоҳнома ва шахсий жетон берилган.
Суд ҳужжатларига кўра, А.М. 2025-йил август ойида Луганск ҳудудига юборилган. У ерда 15 кунлик ҳарбий тайёргарликдан ўтгач, Россия Қуролли кучлари сафида Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.
Иш материалларида кўрсатилишича, 2026-йил 13-январ куни дрон ҳужуми натижасида у турли жароҳатлар олган ва Москва вилоятидаги ҳарбий госпиталда 65 кун даволанган. Госпиталдан чиққач, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси орқали "Ватанга қайтиш гувоҳномаси"ни расмийлаштириб, 2026-йил 6-март куни Ўзбекистонга қайтган.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, А.М. танасида портловчи жисм парчалари таъсирида келиб чиққан бир қатор жароҳатлар, жумладан, чап кўзининг протез экани ва танасининг турли қисмларида келоид чандиқлар мавжудлиги аниқланган.
**"Колонияда босим ўтказиб, Россия армияси билан шартнома имзолашга мажбур қилишди"**
Судда А.М. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, 2022-йил декабр ойида ишлаш мақсадида Россияга кетган. Кейинчалик Москва вилоятида таниши билан автомашинада кетаётганида полиция ходимлари уларни тўхтатиб, текширув вақтида автомобилдан 6,84 грамм героин топилган.
Судланувчининг айтишича, шундан сўнг Россия суди уни гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят учун 9 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилган ва у жазони Липецк шаҳридаги 6-сонли колонияда ўтай бошлаган.
"Колонияда "Россия-Украина" урушида қатнашишга мажбур қилишди. Босим ўтказишди, бир неча марта изоляторга тиқишди. Шундан кейин Россия Мудофаа вазирлиги билан бир йиллик ҳарбий хизмат шартномасини имзолашга мажбур бўлдим", — деди у.
Унинг айтишича, шартнома эвазига 1,2 миллион рубл бир марталик тўлов, ойига 210 минг рубл маош, Россия фуқаролиги ҳамда бир йилдан кейин судланганликни бекор қилиш ваъда қилинган.
**"15 кун ҳарбий тайёргарликдан ўтгач, жангга юборишди"**
А.M.ning сўзларига кўра, 2025-йил август ойи охирида у Украинанинг Луганск вилоятида жойлашган Россия Мудофаа вазирлигига қарашли 91704-сонли ҳарбий қисм полигонига олиб борилган.
У ерда 15 кун давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтказилган, ўқотар қуроллардан фойдаланиш ўргатилган ва шундан сўнг жанговар ҳаракатларга жалб қилинган.
Судланувчининг сўзларига кўра, у 91704-сонли ҳарбий қисмнинг 144-дивизияси 254-полки штурм отрядида ўқчи лавозимида хизмат қилган.
**"Дрон ҳужумида чап кўзимдан айрилдим"**
А.M.ning айтишича, 2026-йил 13-январ куни яна тўрт нафар ҳарбий билан пиёда ҳаракатланаётган вақтида Украина томони юборган дрондан ташланган снаряд портлаган.
"Парчалар чап кўзим, чап қўлим, чап болдирим ва ўнг томондаги қовурғаларим орасига кирди. Ўпкам оғир жароҳатланди. Чап кўзимга парча тегиб, кўриш қобилиятимни йўқотдим", — деди у.
Унинг сўзларига кўра, шундан кейин Москва вилоятининг Одинсово шаҳридаги 3-сонли ҳарбий госпиталга олиб борилган ва у ерда 65 кун даволанган.
**"Госпиталдан қочиб, Ўзбекистон элчихонасига бордим"**
Судланувчининг айтишича, даволаниш жараёнида госпиталдан қочиб кетган ва Москвадаги Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилган.
Унинг таъкидлашича, элчихона "Ватанга қайтиш гувоҳномаси"ни расмийлаштириб берганидан кейин 2026-йил 5-март куни "Внуково-Тошкент" авиарейси орқали Ўзбекистонга қайтган.
А.М. судда ватанга қайтгач, қилган ҳаракатларининг ноқонунийлигини англаганини ва шу боис пушаймонлик аризаси билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилганини айтди.
Шунингдек, у оиласининг оғир ижтимоий аҳволини, ота-онаси ҳам Россияга ишлаш учун кетганини таъкидлаб, урушда иштирок этишга мажбур бўлганини, бу ўз хоҳиши билан қабул қилинган қарор эмаслигини билдирди.
"Келгусида бундай ҳолат такрорланмайди", — деди у ва суддан унга нисбатан қонуний енгиллик қўллашни сўради.
Суд А.M.ga жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, пушаймонлик аризаси билан мурожаат қилгани ҳамда жанговар ҳаракатларда жароҳатланганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида эътироф этди. Шу билан бирга, суд жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини қайд этди.
Бироқ суд қарорда А.М. Россия ҳудудида қасддан содир этилган жиноят учун жазо ўтагани, тўлиқ тузалиш йўлига ўтмагани ва содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олган ҳолда, уни жамиятдан ажратмасдан туриб ахлоқан тузатиш имкони йўқ, деган хулосага келганини қайд этди.
Айни пайтда суд А.M.ning оилада асосий боқувчи экани, қарамоғида уч нафар фарзанди борлиги, турмуш ўртоғи ишламаслиги, оиласининг оғир моддий аҳволи, Ўзбекистонга қайтгач ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ихтиёрий равишда мурожаат қилиб, воқеаларни батафсил баён этгани ҳамда қилмишининг оқибатларини англаганини жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини сезиларли камайтирувчи ҳолатлар деб баҳолади.
Шу асосда суд А.M.ni Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш) билан айбдор деб топди ва Жиноят кодексининг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллади.
Натижада унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибли колонияда ўталади.
Шунингдек, суд А.M.ga нисбатан қўлланилган "муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат" эҳтиёт чорасини бекор қилиб, уни суд залида дарҳол қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди.

