Украина яна бир Ф-16 қирувчисини йўқотди
Украина Ҳаво кучларининг Ф-16 қирувчи самолёти жанговар топшириқни бажараётган вақтда ҳалокатга учради. Учувчи катапулта орқали қутқарилиб, шифохонага етказилди. Бу Украина томонидан йўқотилган тўртинчи Ф-16 қирувчиси бўлди.

Украина яна бир Ф-16 қирувчи самолётидан айрилди. Украина Ҳаво кучларига тегишли ушбу Ф-16 қирувчиси 29-июл куни фронтда жанговар топшириқни бажараётган пайтда ҳалокатга учради. Ҳарбийларнинг маълумотига кўра, самолёт Россиянинг ҳаводан ҳужум воситаларини тутиб қолиш вазифасини бажараётганида бортда фавқулодда ҳолат юзага келган.
Украина Ҳаво кучлари тарқатган баёнотда айтилишича, учувчи вазият оғирлашгач, катапултадан фойдаланишга мажбур бўлган. Қутқарув гуруҳлари уни тезда эвакуация қилиб, тиббий кўрик ва диагностика учун шифохонага етказган. Ҳозирча унинг ҳаётига хавф йўқ.
Ҳарбийлар таъкидлашича, самолёт ҳалокатга учраган ҳудудда тинч аҳоли орасида қурбонлар ёки вайронгарчилик қайд этилмаган. Ҳодиса жойида мутахассислар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар иш олиб бормоқда. Самолётнинг қулашига нима сабаб бўлгани юзасидан текширув тайинланган.
Ф-16 қирувчилари Украинага 2024-йил август ойи бошида Дания ва Нидерландия бощилигидаги Европа давлатлари коалицияси томонидан етказиб берилган эди. Дастлабки босқичда Украина 10 та самолёт қабул қилган, кейинчалик эса паркни кенгайтириш режалаштирилган. Украина учувчилари мазкур самолётларни бошқариш бўйича АҚШда тайёргарликдан ўтган.
Бу Украина томонидан йўқотилган тўртинчи Ф-16 ҳисобланади. Биринчи самолёт 2024-йил 29-август куни Россиянинг оммавий ракета ҳужумини қайтариш вақтида қулаган, учувчи Алексей Мес ҳалок бўлган.
Иккинчи Ф-16 2025-йил 12-апрел куни жанговар вазифани бажараётган вақтда ҳалокатга учраган. Учувчи Павло Иванов ҳам ҳалок бўлган ва унга, Алексей Мес каби, Украина президенти Володимир Зеленский томонидан вафотидан сўнг «Украина Қаҳрамони» унвони берилган.
Учинчи Ф-16 эса 2025-йил 16-май куни Россия дронлари ҳужумини қайтариш чоғида йўқотилган эди.
Мутахассислар қайд этишича, ғарбда ишлаб чиқарилган Ф-16 қирувчилари Украина ҳаво мудофааси тизимининг муҳим қисми ҳисобланади. Шу боис ҳар бир самолётнинг йўқотилиши мамлакатнинг ҳаво ҳимояси имкониятлари учун сезиларли талафот сифатида баҳоланмоқда.

