Туркияда туман мери ва таниқли актёр коррупсияда айбланиб ҳибсга олинди

Туркияда туман ҳокими лавозимида ишловчи таниқли актёр Эрдал Бешикчиоғлу ва яна 39 нафар шахс коррупсия айбловлари билан ҳибсга олинди. Бу ҳақда "Тüркие" газетаси маълум қилди.
Хабарда айтилишича, суд Анқаранинг Этимесгут тумани ҳокими Эрдал Бешикчиоғлу ҳамда бошқа 39 кишини қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарган.
Ғарбий Анқара прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ишлари тендер натижаларини сохталаштириш, товламачилик ва жиноий гуруҳ тузиш ҳолатларини ўз ичига олади. Дастлаб прокуратура Бешикчиоғлу билан бирга 55 нафар гумонланувчини ҳибсга олишга рухсат берган эди. Сўроқдан сўнг 44 киши судга олиб келиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш чораси қўллаш масаласи кўриб чиқилди.
Ҳозирда 40 нафар судланувчи ҳибсда сақланмоқда. Улар орасида ҳокимдан ташқари унинг ўринбосарлари Мутлу Керимоғлу, Тайлан Ўзгувен ва Иҳсан Баҳри Бейлер, шаҳар ҳокимлиги ходимлари, "Этимкент" директорлар кенгаши ва тендер комиссияси аъзолари, шунингдек, Бешикчиоғлунинг қўриқчиси Ҳусейин Йилмаз ҳам бор.
Эрдал Бешикчиоғлу "Беҳзат Ç." телесериалидаги полиция комиссари роли билан кенг танилган. У 2024-йилда мухолифатдаги "Республика халқ партияси"дан Этимесгут тумани ҳокими этиб сайланган эди. Аввалроқ "Тақиқланган севги" сериали актрисаси Берен Саатнинг турмуш ўртоғи билан гиёҳванд моддалар билан боғлиқ иш бўйича қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

