“Лавозими ва мавқеидан қатъи назар жазога тортиляпти”. Акмал Бурханов коррупсияга қарши кураш ҳақида
2026-йилнинг 1-ярмида Ўзбекистонда 96 та пора олиш жинояти қайд этилди. Антикоррупсия агентлиги нафақат амалдорларнинг ёрдамчилари, балки катта лавозимдагилар ҳам жазоланаётганини билдирди. ъЛавозими ва мавқеидан қатъи назар, барча учун жазо муқаррарлиги таъминланяптиъ, — дейди Акмал Бурханов.

**Акмал Бурханов: "Лавозими ва мавқеидан қат'и назар жазога тортиляпти" – Коррупсияга қарши кураш ҳақида**
2026-йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистонда 96 та пора олиш билан боғлиқ жиноят қайд этилди. Бу маълумот 28-июл куни Коррупсияга қарши курашиш агентлигида ўтказилган жамоатчилик эшитувида ошкор этилди, дея хабар беради Газета мухбири.
Тадбирда журналистлардан бири 2026-йил коррупсияга қарши курашиш соҳасида "фавқулодда ҳолат" эълон қилинганидан сўнг ижтимоий тармоқларда пора билан қўлга тушганлар ҳақидаги хабарлар кескин кўпайганини таъкидлаб, агентликдан коррупсиянинг олдини олишга қаратилган аниқ ечимлар юзасидан изоҳ сўради.
Антикоррупсия агентлиги раҳбари Акмал Бурхановнинг сўзларига кўра, жамоатчилик асосан коррупсия билан қўлга тушганлар ҳақидаги хабарларга эътибор қаратмоқда, янги тизим ва механизмлар эса кўпинча эътибордан четда қолмоқда.
"Бизнинг таҳлилларимизга кўра, бир ҳафтада ОАВда чиққан 10 та материалнинг еттитаси коррупсиянинг олдини олиш чоралари ҳақида, учтаси эса кимнингдир жавобгарликка тортилгани ёки пора билан ушланганига оид бўлади. Лекин айнан тезкор тадбирларда ушланганлар ёки қанчадир йилга қамалганлар ҳақидаги хабарлар кўпроқ резонанс уйғотмоқда," – деди у.
Бурхановнинг таъкидлашича, "фавқулодда йил" эълон қилингач, пора олиш билан боғлиқ ҳар бир жиноят оммага очиқ ёритилмоқда. Бу эса айримларда коррупсия кучайган, деган тасаввурни уйғотяпти.
"Аслида эса рақамлар бошқача манзарани кўрсатади. Ўтган йилнинг биринчи ярмида пора олиш билан боғлиқ 107 та жиноят қайд этилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида улар сони 96 тани ташкил қилди. Биз ҳар бир ҳолатни ёритиш орқали жиноят жазосиз қолмаслиги ва жазо муқаррарлигини кўрсатмоқчимиз," – деди агентлик раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, жазо муқаррарлигини таъминлаш билан бир қаторда, бюрократияни қисқартириш, коррупсия хавфларини камайтириш каби профилактик чораларни кенгроқ тушунтириш ҳам муҳим ҳисобланади.
"Коррупсияга қўл урмаслик учун қандай чоралар кўрилаётганини кўпроқ тушунтиришимиз керак. Бу борада тарғибот ва профилактика ишларини кучайтиришимиз лозим," – деди у.
Акмал Бурханов агентлик аниқлаган коррупсия ҳолатларининг қанчаси судгача етиб бориши ва қанчаси ҳукм билан якунланиши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, коррупсияга оид ишларни жамоатчиликка эълон қилишда эҳтиёткорлик муҳимлигини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, ҳозир жиноят устида ушланган шахслар ҳақида маълумотлар очиқ эълон қилинаётган бўлса-да, бу ҳар доим ҳам шахснинг айби исботланганини англатмайди.
"Бизда ҳали айби судда тасдиқланмасидан олдин шахсларнинг исми-шарифи, сурати билан эълон қилиш ҳолатлари учраб туради. Бироқ бу ерда шахснинг қадр-қиммати, шахсий маълумотлари масаласи ҳам мавжуд. Шунинг учун бу борада мувозанат сақланиши керак," – деди у.
Бурханов мисол сифатида Сурхондарё вилоятидаги туманлардан бирининг собиқ ҳокимига нисбатан жиноят иши доирасида тарқалган маълумотларни келтирди. Унинг айтишича, собиқ ҳоким коррупсион жиноятда гумонланувчи сифатида эълон қилинганидан сўнг жамоатчилик уни айбдор деб қабул қилган. Кейинчалик эса суд унинг айбини тасдиқламаган.
"Натижада одамларда "Жиноят устида ушланган шахс қандай қилиб яна раҳбарлик лавозимига тайинланди?", деган савол пайдо бўлди. Ваҳоланки, унинг айби исботланмаган, тергов ҳам шу асосда тўхтатилган," – деди агентлик раҳбари.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда коррупсион жиноятга қўл ургани судда исботланган шахсларни давлат хизматига қабул қилмаслик тўғрисида қонун мавжуд ва бу амалда ишлайди. Шу боис шахсга нисбатан ҳуқуқий хулоса фақат суд қарори билан чиқарилиши лозим.
Бурханов Европа давлатларида, одатда, коррупсия ишлари бўйича маълумотлар суд ҳукмидан кейин эълон қилинишини эслатиб, оммавий ахборот воситаларини ҳам суд жараёни якунланмасидан туриб олдиндан хулоса чиқармасликка чақирди.
"Ҳар бир ишнинг якуни турлича бўлиши мумкин: айб исботланиши ҳам, исботланмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмас," – деди у.
Яна бир журналист коррупсия ҳақидаги хабарларда кўпинча юқори лавозимли амалдорлар эмас, балки уларнинг ёрдамчилари ёки қуйи бўғин ходимлари тилга олинишини қайд этди. У коррупсия учун айнан юқори мансабдорлар нега камроқ жавобгарликка тортилаётгани, бу ҳолатларга қачон барҳам берилиши юзасидан изоҳ сўради.
Акмал Бурханов коррупсия учун жавобгарликка фақат амалдорларнинг ёрдамчилари тортилаётгани ҳақидаги қараш ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди. У сўнгги вақтларда республика даражасидаги биринчи раҳбарлар ҳам, туман ҳокимлари ҳам коррупсия жиноятлари бўйича жавобгарликка тортилаётганини таъкидлади.
"Ўтган йили ўнлаб туман ҳокимлари коррупсия жиноятлари учун жавобгарликка тортилди. Бу йил ҳам биринчи раҳбарларга нисбатан ишлар қўзғатилмоқда. Лавозими, мансаби ёки мавқеидан қатъи назар, коррупсия жинояти учун жазонинг муқаррарлиги таъминланяпти," – деди у.
Бурханов туман ва шаҳар даражасида коррупсия ҳолатлари кўпроқ учрашига мазкур бўғинларда ишловчилар сони республика даражасига нисбатан анча кўплиги ҳамда аҳоли билан бевосита ишлаш ваколати асосан уларга берилгани сабаб бўлишини қайд этди.
Унинг таъкидлашича, юқори мансабдорларга нисбатан жиноят ишлари ҳақида маълумотларнинг кечроқ эълон қилиниши тергов жараёни талаблари билан боғлиқ.
"Масалан, кўприк қулаши юзасидан жиноят иши қўзғатилди ва судга оширилди. Олти нафар йўл қурилиши соҳасидаги мансабдор шахс жавобгарликка тортилмоқда. Аммо ҳали суд ҳукми чиққани йўқ. Айб аввал судда исботланиши керак. Шу кунларда ҳукм эълон қилиниши кутиляпти," – деди у.
Бурхановнинг айтишича, тергов давом этаётган ишлар бўйича барча маълумотларни очиқлаш мумкин эмас.
"Журналистлар ва блогерлардан шуни сўрардимки, иш якунига етгач, жамоатчилик тўлиқ ахборот олиши керак. Аммо тергов жараёнида ошкор этилиши мумкин бўлмаган маълумотлар ҳам бўлади. Бу ерда процессуал қонунчилик талабларига риоя қилиш муҳим," – деди агентлик раҳбари.

