Украинада 1,28 млн долларлик хорижий ёрдам ўзлаштирилгани аниқланди

Украинада 1,28 миллион долларлик хорижий ёрдам маблағлари ўзлаштирилгани аниқланди.
Украинанинг коррупсияга қарши курашувчи органлари (НАБУ ва САП) мамлакатга ажратилган 37 миллион гривна (жиноят содир этилган пайтда тахминан 1,28 миллион доллар) миқдоридаги хайрия маблағлари ўзлаштирилганини фош этди.
Тергов маълумотларига кўра, ушбу ўғриликни 2020–2024-йилларда Украина ТИВ давлат котиби лавозимида ишлаган шахс бощилигидаги уюшган жиноий гуруҳ амалга оширган. “Форбес Украина” нашрининг хабар беришича, бу шахс Александр Банковдир.
Хабарда айтилишича, “гуруҳ иштирокчилари Россиянинг кенг кўламли босқини бошланишида хорижий фуқаролар ва донорлар Украинани қўллаб-қувватлаш учун ажратган маблағларни ўзлаштириб, уларни конвертация марказлари орқали легаллаштирган”.
Александр Банков халқаро донорлар ва Украинанинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ходимларини Украина учун йиғилган хайрия маблағларини ўзи назорат қиладиган жамоат ташкилотининг банк ҳисобрақамига йўналтиришга кўндирган.
Экспертиза натижаларига кўра, ушбу ташкилот олган пуллар Украина Ташқи ишлар вазирлигининг махсус жамғармасининг мақсадли бюджет маблағлари мақомига эга бўлган. Кейинчалик бу маблағлар назорат остидаги компаниялар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳисобрақамларига ўтказилган, улар эса бу пулларни нақдлаштириш учун конвертация марказларига йўналтирган.
“Жамоат ташкилотининг фаолияти қонуний эканини кўрсатиш учун схема иштирокчилари сохта хатлар тайёрлаб, уларга ёлғон маълумотларни киритган ҳолда грант шартномаларини имзолаган”.
Гумонланувчилар орасида қуйидагилар ҳам бор:
* ТИВ давлат котиби аппаратининг собиқ раҳбари, амалдаги дипломатик ходим;
* собиқ ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси;
* пуллар чиқариб олинган ташкилот раҳбари ва бухгалтер.
Коррупсияга қарши курашиш маркази хабарига кўра, гап ТИВ давлат аппарати собиқ раҳбари ва Украинанинг БМТ Женева бўлими ҳузуридаги Доимий ваколатхонасининг амалдаги маслаҳатчиси Рамиз Рамазонов, шунингдек, “Халқаро ҳамкорликка кўмаклашиш маркази” жамоат ташкилоти раҳбари Владислав Резников ҳақида бормоқда.
**Украинадаги коррупсия можароси**
10-ноябр куни “Энергоатом” давлат энергетика компанияси атрофидаги кенг кўламли коррупсия схемаси фош этилди. Можаро марказида Украинанинг амалдаги ҳукуматидаги бир нечта вазирлар, президентнинг узоқ йиллик сафдоши Тимур Миндич ва молиячи Александр Сукерман бўлган.
Ўша куни ҳуқуқ-тартибот идоралари Миндичнинг уйида, “Энергоатом”да ва Украина адлия вазири Герман Галущенконинг манзилида тинтув ўтказган. Миндич бунга қадар Украинани тарк этгани аниқланган.
12-ноябр куни Зеленский адлия вазири Герман Галущенко ва энергетика вазири Светлана Гринчукни ишдан бўшатишни талаб қилди. Иккала вазир ҳам дарҳол истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёзди. 13-ноябр куни Зеленский Миндич ва Сукерманга қарши санксиялар жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Украина президенти офиси собиқ раҳбари Андрей Ермак эса Киев шаҳри яқинида “Династия” элита мажмуаси қурилишида 460 миллион гривна (10 миллион доллар)ни легаллаштириш иши бўйича гумонланмоқда. Сиёсатчи унга нисбатан айбловларни тан олмаган, унинг уйида тинтув ўтказилган.
Ермак 14-май куни тергов изоляторига жойлаштирилган эди. Суд унга 140 миллион гривна (тахминан 3 миллион доллар) миқдорида гаров пули белгилаган. 18-май куни гаров пули йиғилган ва Ермак изолятордан чиқарилганди.

