Маҳаллий

Туркияда 36 ёшли ўзбекистонлик тиббиёт ходими шифохонада вафот этди

Туркиянинг Бурса вилоятида бемор парвариши билан шуғулланган 36 ёшли ўзбекистонлик Ойбек Ниёзов хизмат вақтида тўсатдан вафот этди. Марҳумнинг жасади ватанга олиб келиниб, яқинларига топширилди. Баъзи турк нашрлари полиция воқеа юзасидан шубҳали ўлим ҳолати бўйича суриштирув бошлаганини ёзди.

Туркиянинг Бурса вилояти Инегўл туманида ишлаётган 36 ёшли ўзбекистонлик тиббиёт ходими Ойбек Ниёзов шифохонада вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилди.

Консулхона марҳумнинг оиласига зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатган ва Туркиянинг тегишли идоралари билан ташкилий масалаларни ҳал қилган. Ўзбекистон Миграция агентлиги томонидан берилган моддий ёрдам туфайли Ниёзовнинг жасади Ўзбекистонга олиб келиниб, яқинларига топширилган.

Туркия ваколатли органлари Ниёзовнинг ўлим сабабларини аниқлаш бўйича суриштирув ишларини давом эттирмоқда.

Турк ОАВларининг хабар беришича, 3-августга ўтар кечаси Ойбек Ниёзов Инегўл давлат шифохонасининг паллиатив ёрдам бўлимида беморларга қараш пайтида тоби қочиб, вафот этган. Маълумотларга кўра, унинг аҳволи бирдан ёмонлашиб, ерга йиқилган. Буни кўрган ҳамширалар унга биринчи ёрдам кўрсатган ва тез тиббий ёрдам бўлимига олиб кетилган.

Ниёзовнинг жасади ўлим сабабини аниқлаш учун Суд-тиббиёт институтига юборилган. Бошқа бир турк нашрининг ёзишича, полиция ушбу воқеа юзасидан шубҳали ўлим ҳолати бўйича тергов-суриштирув ишларини бошлаган.

o‘zbekistontergovturkiyao'limkonsullik yordamishubhali o'limtibbiyot xodimijasadni vatanga qaytarish