Сиёсат

Трамп Нетаняхудан Сурия ва Ливандаги қўшинларини олиб кетишни талаб қилди

Трамп Нетаняхудан Сурия ва Ливандаги ҳарбий кучларни олиб чиқишни сўради

АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхуга Сурия ва Ливандан ҳарбий кучларни олиб чиқиш зарурлигини билдирди. Бу ҳақда Ахиос манбаларига таяниб хабар берди.

“Улар сизни у ерда кўришни хоҳламайди. Жойлашувни ўзгартиришингиз лозим”, деб айтган Трамп Исроил бош вазири билан телефон орқали мулоқотда.

Ушбу телефон суҳбат АҚШ президентининг Туркиядаги НАТО саммити доирасида суриялик ҳамкасби Аҳмад аш-Шараъа билан учрашувидан бир кун ўтиб ўтказилган. Нетаняху суҳбат давомида Исроил чегаралари бўйлаб хавфсизлик зоналарини яратиш зарурлигини таъкидлаган. Ҳозирда унинг ҳарбий кучлари Ливан ва Суриянинг жанубий ҳудудларини эгаллаб турибди. Исроил ҳукуматининг маълум қилишича, қўшинларнинг у ерда бўлиши ҳар қандай эҳтимолий ҳужумнинг олдини олиш имконини беради.

Ахиосънинг хабарига кўра, Исроилда октябр ойида парламент сайловлари ўтказилиши режалаштирилган, шунинг учун Нетаняху Трампнинг талабига биноан жиддий қадамлар қўйиши даргумон.

Июн ойининг охирида АҚШ воситачилигида Исроил ва Ливан ўртасида можарони ҳал қилиш бўйича келишув имзоланди. Ушбу ҳужжат Исроил қўшинларини Ливан ҳудудидан қисман олиб чиқишни назарда тутади. Нетаняхунинг сўзларига кўра, биринчи босқичда Исроил ўз кучларини Ливан жанубидаги иккита ҳудуддан — бири Литани дарёсининг шимолидан, иккинчиси эса жанубидан олиб чиқади.

Исроилнинг АҚШдаги элчиси Ехиел Лейтер келишув имзоланганидан сўнг Ливан жанубида буфер зона сақланиб қолишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ливан армияси “Ҳизбуллоҳ”ни тор-мор этиш ва хавфсизликни таъминлаш масъулиятини ўз зиммасига олмагунча бу ҳолат давом этади.

“Ҳизбуллоҳ” етакчиси Наим Қосим келишувни рад этди ва ҳужжатни “таслим бўлиш” деб атади. Кейинчалик СНН АҚШ Исроил қўшинларини Ливандан олиб чиқиш учун “пилот зонаси”ни ишга туширгани ҳақида хабар берди.

“Ҳозирда навбатдаги пилот зоналари ишлаб чиқилмоқда ва режалаштирилмоқда. АҚШ Марказий қўмондонлиги кейинги қадамлар учун ҳар икки давлат билан ўз ҳаракатларини мувофиқлаштирмоқда”, деди америкалик амалдор СНН каналига.

isroilxavfsizliktrampnetanyaxusuriyalivanqo'shinlarhizbulloh