Сиёсат

Трамп: «Бизга ўзимизга ҳам ракеталар керак»

АҚШ президенти Доналд Трамп Украинага қўшимча ракеталар етказиб бериш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берар экан, мамлакатнинг ўзи ҳам бундай қуролларга муҳтожлигини таъкидлади. Шу билан бирга, у Жо Байден маъмуриятини Киевга кўрсатилган ҳарбий ёрдам туфайли АҚШ қурол захираларини камайтирганликда айблади.

Трамп: "Бизга ҳам ракеталар керак"

АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйдаги брифингда Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам, жумладан Патриот ҳаво мудофааси тизими учун ракета-тўсувчилар ва узоқ масофали ракеталар етказиб бериш масаласига тўхталди.

Журналистларнинг Вашингтон Киевга қўшимча ракеталар юборадими, деган саволига Трамп: "Бизга ўзимизга ҳам ракеталар керак", деб жавоб берди.

Шу билан бирга, у Жо Байден маъмуриятини Украинага кўрсатилган ҳарбий ёрдам туфайли АҚШ қурол-яроғ захираларини жиддий камайтирганликда айблади.

"Байден Зеленскийга 300 миллиард долларлик ўқ-дорилар берди. Мен лавозимдан кетганимда омборлар тўла эди, аммо у уларнинг катта қисмини тарқатиб юборди. Ҳозир биз бу захираларни қайта тиклаяпмиз", - деди Трамп.

Унинг таъкидлашича, АҚШ армияси ҳозир ҳам етарлича қурол-яроққа эга. Президент айрим тизимлар энг замонавий эмаслигини тан олган бўлса-да, улар самарадорлик жиҳатидан етарли даражада эканини қайд этди.

Бу баёнот Украина раҳбарияти ҳаво ҳужумларидан мудофаа қилиш учун Патриот тизимлари ракета-тўсувчиларига эҳтиёж кучайганини яна бир бор таъкидлаган пайтга тўғри келди.

Украина президенти Володимир Зеленский 1-августга ўтар кечаси Россия амалга оширган оммавий ракета ҳужумидан кейин ҳамкор давлатларни ҳаво мудофааси учун ракета захираларини тезроқ етказиб беришга чақирган эди. Унинг таъкидлашича, бу воситалар "кейинги эҳтимолий ссенарийлар учун омборларда эмас, балки айнан ҳозир Украинага зарур".

havo mudofaasitrampraketalarpatriotukrainaaqshharbiy yordamzelenskiy