Тошкентнинг айрим маҳаллаларида бир сутка совуқ сув бўлмайди
Мирзо Улуғбек туманидаги сув тақсимлаш иншоотида 3-август куни соат 10:00 дан бошлаб бир сутка давомида профилактика ишлари олиб борилади. Шаҳарнинг айрим ҳудудларида сув вақтинча тўхтатилади — бу 22 та маҳалла ва 33 минг нафар аҳолига таъсир қилади. Сув махсус транспорт орқали етказиб берилади.

Тошкентнинг айрим ҳудудларида бир сутка давомида совуқ сув таъминоти тўхтатилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ичимлик суви тармоқларида режалаштирилган профилактика ишлари ўтказилиши муносабати билан хабар берди. Жараён душанба куни эрталаб бошланиб, 24 соат давом этади.
Ишлар Мирзо Улуғбек туманидаги сув тақсимлаш иншоотида 3-август куни соат 10:00 дан 4-август соат 10:00 гача амалга оширилади.
Хабарда таъкидланишича, "асосий мақсад – шаҳар сув таъминоти тармоқларидаги босимни меъёрлаштириш, ичимлик сувининг янада бир меъёрда тақсимланишини таъминлаш, тизим ишончлилигини ошириш ҳамда ундан фойдаланишда электр энергияси сарфини камайтиришдан иборат".
Мутахассислар диаметри 1200 мм бўлган 2 та ва диаметри 800 мм бўлган 3 та магистрал зулфинни алмаштириши керак бўлади. Ишни тўлиқ ва хавфсиз бажариш учун 24 соат вақт талаб этилади.
Ҳокимликнинг қўшимча қилишича, "аҳолининг эрталабки сув истеъмоли энг юқори бўлган вақтда ичимлик сувидан фойдаланиб қолиши учун ишларни соат 10:00 да бошлаш белгиланди".
Ишлар олиб борилаётган даврда айрим ҳудудларда ичимлик суви узатиш вақтинча тўхтатилади (рўйхат). Вақтинчалик чеклов 22 та маҳаллага, 884 та кўп хонадонли уйга, 7006 та якка тартибдаги хонадонга, 242 та давлат ва ижтимоий соҳа муассасасига ҳамда 33 017 нафар аҳолига таъсир қилади.
Марказлашган сув таъминотидан вақтинча узилган барча маҳаллалар, шунингдек, давлат ва ижтимоий муассасаларга ичимлик суви махсус транспорт воситалари орқали етказиб берилади (рўйхат).
Ҳокимлик юзага келган ноқулайликлар учун узр сўради ва аҳолидан имкон қадар олдиндан зарур ичимлик суви захирасини яратиб қўйишни илтимос қилди.

