Тошкентда 1330 қути контрафакт дори аниқланди
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Россиядан ноқонуний олиб келинган 29 турдаги 1330 қути контрафакт дори воситалари аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мусодара қилинган маҳсулотларнинг қиймати қарийб 600 миллион сўмни ташкил этади.

Тошкентда 1330 қути сохта дори воситалари топилди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида контрафакт дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.
Маълумотларга кўра, пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида яшовчи, 1963-йилда туғилган фуқаро ҳамда унинг икки фарзандига тегишли Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги учта хонадон текширилди.
Текширувлар натижасида ушбу манзиллардан "Бусерелин", "Волини", "Бикана", "Тирзетта" ва бошқа номдаги жами 29 турдаги 1330 қути сохта дори воситалари топилиб, тегишли тартибда расмийлаштирилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, мусодара қилинган дори воситаларининг умумий қиймати тахминан 600 миллион сўмни ташкил этади.
Терговга қадар суриштирув жараёнида аниқланишича, ушбу шахслар дори воситаларини Россиядан йўловчилар орқали, кичик партияларда темир йўл ва ҳаво транспорти ёрдамида ноқонуний олиб келиб, Тошкент шаҳрида сотиш билан шуғулланган.
Ҳозирда аниқланган дори воситалари юзасидан экспертиза тайинланган бўлиб, суриштирув ишлари давом этмоқда.

