Маҳаллий

Тошкент ҳокимлиги жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда автобус бекатлари дизайнини такомиллаштиришга тайёр

Пойтахт ҳокимлиги иқлим шароити ва ҳар бир ҳудуднинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда автобус бекатлари дизайнига ўзгартишлар киритишга тайёр. Соябонларни катталаштириш, соя учун вақтинчалик ечимлар ва кўкаламзорлаштириш, зарур жойларда бекатлар сиғимини ошириш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Тошкент ҳокимлиги жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда автобус бекатлари дизайнини такомиллаштиришга тайёр.

28-июл куни пойтахт ҳокимлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинишича, Тошкент ҳокимлиги экспертлар ва йўловчиларнинг фикрларини ҳисобга олган ҳолда янги автобус бекатлари дизайни ва конструксиясига ўзгартиришлар киритишга тайёр. Ҳокимлик, Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази вакиллари ва таклиф этилган экспертлар жамоатчиликнинг энг кўп бериладиган саволларига жавоб беришди. Қуйида ушбу тадбирдаги асосий маълумотлар келтирилган.

**Бекатларнинг умумий ҳолати ва муаммолар**

Пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази бўлим бошлиғи Оллоёр Норбутаевнинг сўзларига кўра, ҳар йили шаҳарда махсус ищи гуруҳ автобус бекатларини хатловдан ўтказади.

"2026-йил бошидаги хатлов натижаларига кўра, пойтахтда жами 2871 та автобус бекати мавжуд. Шундан 1751 таси Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси балансида, 187 таси Франсия билан ҳамкорликда очилган ЖСДесаух компанияси тасарруфида. Шунингдек, 739 та дўконли бекат ҳамда Тошкент ҳалқа автомобил йўлида жойлашган 194 та бекат бор", — дейди у.

Оллоёр Норбутаевнинг таъкидлашича, пойтахтда кўп йиллар давомида жамоат транспортига етарли эътибор берилмагани, янги бекатлар ва янги транспорт ўтиш боғламалари ташкил этилмагани оқибатида жамоат транспортининг улуши камайган.

"Кейинги йиллардаги ислоҳотлар доирасида шаҳарга янги автобуслар олиб келинди, брутто тизимига ўтилди, ўтган йили эса 2 мингта электробус харид қилинди. Бугун Тошкент МДҲдаги энг йирик электробус паркларидан бирига эга", — дейди Норбутаев.

Шу билан бирга, у автобус бекатлари ҳолати қониқарли эмаслигини қайд этди.

"Пойтахтдаги барча бекатларнинг 26 фоизида йўловчилар учун павилон, навес, электрон табло ёки бошқа энг оддий шароитлар мавжуд эмас. Қолган кўплаб бекатлар ҳам Ўзбекистонда белгиланган минимал меъёрий талабларга жавоб бермайди ва маънан эскирган ҳолда хизмат кўрсатмоқда", — дейди мутахассис.

Норбутаевнинг сўзларига кўра, марказий кўчалардаги 187 та бекат ЖСДесаух компанияси томонидан бошқарилади.

"Бу ҳамкорлик 2006-йилда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарори асосида йўлга қўйилган. Компания марказий кўчалардаги бекатларни ҳар икки ҳафтада ювиб, тозалайди ва таъмирлайди. Бунинг эвазига реклама жойлаштириш ҳуқуқига эга. Ҳокимият билан тузилган шартнома 2031-йилгача амал қилади", — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, энг катта муаммолардан бири дўконли бекатлар билан боғлиқ.

"2024-йил бошида шаҳарда 739 та дўконли бекат мавжуд эди. Улар асосан 1990-йиллардан 2021-йилгача амалдаги қонунчилик асосида туман ҳокимлари қарорлари билан тадбиркорларга берилган. Ҳужжатларда дўкон майдони бекатнинг учдан бир қисмини эгаллаши, қолган қисми эса қишки ва ёзги кутиш жойлари бўлиши белгиланган. Амалда эса кўп ҳолларда бутун бекат дўконга айлантирилган. Кутиш заллари йўқ, кондиционерлар ўрнатилмаган, айрим тадбиркорлар эса кутиш жойларини музлаткич ва товарлари учун омбор сифатида ишлатмоқда", — дейди марказ бўлим бошлиғи.

У мазкур ҳолат автобуслар ҳаракатига ҳам таъсир қилаётганини айтди.

"Дўконлар олдида бошқа транспорт воситалари тўхташи оқибатида автобуслар биринчи эмас, иккинчи қаторга тўхташга мажбур бўляпти. Бу эса йўловчилар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатади. Йил бошидаги хатловда бундай ҳолатлар юзлаб бекатларда қайд этилди. Бизда дўконли бекатларнинг қарийб 500 таси акс этган фотоалбом ҳам мавжуд", — дейди Норбутаев.

Норбутаев тақдимотда келтирилган маълумотларга таяниб, пойтахт бекатларидаги асосий камчиликларни ҳам санаб ўтди.

"753 та бекатда конструксиянинг ўзи йўқ. 1121 та бекатда йўловчиларни тушириш-чиқариш майдончаси мавжуд эмас. 1080 та оралиқ бекатга пиёдалар хавфсиз етиб келиши учун шароит яратилмаган. 1732 та бекатда йўл белгилари, 836 тасида ўриндиқ йўқ. Энг ачинарлиси, 2577 та бекатда ногиронлиги бўлган шахслар учун пандус ва тактил плиткалар ўрнатилмаган. 1622 та бекатда эса чиқинди қутиси мавжуд эмас", — дейди у.

Марказ вакилининг қайд этишича, дўконли бекатларда яна бир муаммо — кутиш залларининг доим ҳам очиқ эмаслиги. "Айрим ҳолларда тадбиркорлар дўконни эрталаб соат 8−9 ларда очади. Шунгача йўловчилар кутиш жойига кира олмайди", — дейди мутахассис.

**Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш**

Тошкент шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икромовнинг айтишича, пойтахтда тирбандлик ва автобус бекатлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун икки йил давомида таҳлиллар олиб борилган.

"Ҳозир Тошкентда қарийб 800 мингта транспорт воситаси рўйхатдан ўтган. Бундан ташқари, ҳар куни яна 300−400 мингта автомобил шаҳарга кириб чиқади. Шу билан бирга, пойтахтдаги 472 километр асосий йўллар атиги 500 мингта транспорт воситасига мўлжалланган. Ана шу номутаносиблик тирбандликларни келтириб чиқаряпти", — дейди у.

Унга кўра, ҳокимлик бу муаммони ҳал қилиш учун жамоат транспортига устуворлик бериш йўлини танлаган.

"Мақсадимиз — одамларни шахсий автомобилдан жамоат транспортига ўтказиш, инфратузилмани ривожлантириш ва автобуслар ҳаракат тезлигини ошириш. Агар 2022-йилда шаҳарда кунига 800 та автобус 15 мингта рейсни амалга оширган бўлса, бугун 1700 та автобус 24 мингта рейсни бажаряпти. Шунинг ҳисобига кунлик йўловчилар сони 500 мингдан 1,5 миллионга етди, яъни жамоат транспортидан фойдаланувчилар улуши 18 фоиздан 39 фоизгача ошди", — дейди Икромов.

Унинг сўзларига кўра, 2025-йилги таҳлиллар жамоат транспортидан фойдаланувчилар сонини янада ошириш имкони борлигини кўрсатган.

"Шунинг учун 2026-йилда инфратузилмавий муаммоларни ҳал қилиш дастурини ишлаб чиқдик. 472 километр асосий йўлни беш босқичда тўлиқ қайта кўриб чиқяпмиз. Бу ишларга хорижлик ва маҳаллий мутахассислар жалб қилинган. Ҳозиргача 80 километр йўл тўлиқ хатловдан ўтказилди. Бу ҳудудларда йўл чизиқлари, светофорлар, автобус бекатлари ва микромобиллик инфратузилмаси қайта ташкил этилди. Натижада ушбу кўчаларда ўтказувчанлик 30 фоизгача ошди ва тирбандлик маълум даражада камайди", — дейди у.

Икромов автобус бекатларининг жойлашувини ҳам қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

"Биз учун энг муҳим вазифалардан бири — йўловчилар оқими юқори бўлган нуқталарни аниқлаш эди. Таҳлиллар айрим жойларда мавжуд бекатлар етарли эмаслигини ёки уларнинг жойлашувини ўзгартириш кераклигини кўрсатди. Шунинг учун баъзи бекатлар бошқа жойга кўчирилади ёки янгилари ўрнатилади", — дейди ҳокимлик расмийси.

Унинг таъкидлашича, дўконли бекатлар ҳам замонавий талабларга жавоб бермайди.

"Бу муаммони яхши биламиз. Ҳар йили ҳар бир бекат ва унинг жойлашуви ўрганилади, аниқланган камчиликлар бўйича Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларига таклифлар киритилади. Шу билан бирга, шаҳар ривожланиши сабабли янги бекатларга эҳтиёж ҳам пайдо бўляпти. Масалан, Халқлар дўстлиги саройи олдида аввал бекат бўлмаган. Иккита бекат ораси 800 метр эди. Ҳудуд ривожланиб, йўловчилар сони ошгач, у ерда янги бекат ташкил этилди", — дейди Икромов.

**Бекатлар дизайни ва функсионаллиги**

СТЕП Ситй лойиҳа-таҳлил компаниясининг бошқарувчи ҳамкори Алина Бисембаеванинг таъкидлашича, автобус бекатининг асосий вазифаси одамларнинг узоқ вақт туриши учун жой бўлиш эмас, балки транспортни қисқа муддат кутиш учун қулай шароит яратишдан иборат.

Унинг сўзларига кўра, кондиционер фақат ёпиқ маконда самарали ишлайди. Бу эса бекатни тўлиқ ёпиқ қилишни талаб этади. Бироқ амалда тор ва ёпиқ жой кўп сонли йўловчилар учун очиқ ва яхши шамолланадиган бекатга нисбатан ноқулайроқ ҳисобланади.

Бисембаеванинг қайд этишича, турли шаҳарлар тажрибаси шуни кўрсатадики, ёпиқ бекатлардан кўпинча фақат йўловчилар эмас, бошқа шахслар ҳам фойдаланади. Бундан ташқари, уларнинг тозалиги, кондиционернинг узлуксиз ишлаши ва қулай микроиқлимни сақлаш катта харажат талаб қилади. Шу боис бундай лойиҳалар учун инвестор топиш қийин.

Тошкент шаҳар ҳокимининг йўл-транспорт инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев ҳам ЖСДесаух компанияси дунёнинг турли иқлим шароитига эга давлатларида — иссиқ мамлакатлардан тортиб совуқ ҳудудларгача — автобус бекатларини қуришини ва уларнинг барчасида очиқ турдаги бекатлардан фойдаланилишини таъкидлади.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази директорининг ўринбосари Фурқат Муродов эса Дубай тажрибасини мисол қилди.

"Дубайда кондиционерли ёпиқ бекатлар бор. Бироқ уларни барпо этишга 20 йил кетган ва 2200 та бекатнинг атиги 800 таси ёпиқ шаклга келтирилган. Демак, бу оммавий эмас, балки муайян жойларда босқичма-босқич амалга оширилган ечим", — дейди у.

**Дўконли бекатлар билан ишлаш**

Оллоёр Норбутаевнинг айтишича, шаҳардаги барча дўконли бекатлар босқичма-босқич ўрганилмоқда.

"Ҳозир Тошкентда кўчаларнинг ўтказувчанлигини ошириш ва йўл ҳаракатини халқаро тажриба асосида қайта ташкил этиш ишлари беш босқичда амалга ошириляпти. Биринчи босқичда 116 та дўконли бекат ўрганилди", — дейди у.

Унинг айтишича, баҳорда бошланган марказий кўчаларни реконструксия қилиш (12 та кўча, 100 километр ва 310 та бекат) доирасида мазкур 116 та бекат ҳам қамраб олинган. Натижада 95 та дўкон автобуслар ҳаракати ва йўловчилар чиқиб-тушишига халақит бермайдиган бошқа жойга кўчирилган. 14 таси суд қарори билан кўчирилмоқда, 5 таси ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларсиз бўлган, 2 таси бўйича эса пул компенсацияси тўланади. Дўконли бекатларнинг асосий қисми ҳозирда Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш кўчасида жойлашган.

Юнусобод тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Дониёр Юсуповнинг тушунтиришича, агар кадастрга эга тадбиркор бекатдаги жойидан ихтиёрий равишда воз кечса, унга туташ ҳудуддан бошқа ер майдони ажратилади. Компенсация миқдори ер участкасининг кадастр қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Норбутаевнинг қайд этишича, ҳукумат қарорлари асосида узоқ муддатли ижара ҳуқуқига эга тадбиркорлар билан эса алоҳида тартибда иш олиб борилмоқда.

"20 йиллик ижара ҳуқуқи берилган бекатлар бўйича тадбиркорлар билан келишилган ҳолда уларни шу ҳудуд атрофида бошқа жойга кўчириш чоралари кўрилмоқда. Қолган дўконли бекатлар бўйича ҳам барча ишлар босқичма-босқич ва қонунчиликка мувофиқ тарзда амалга оширилади", — дейди у.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази директорининг ўринбосари Фурқат Муродовнинг айтишича, ҳозирча икки нафар тадбиркор билан компенсация масаласи бўйича келишувга эришилган.

"Иккита дўкон бўйича компенсация тўлаш орқали обьектни бўшатишга келишилган. Ҳозирча маблағ тўлаб берилмаган, чунки баҳолаш ва компенсация миқдорини аниқлаш жараёнлари давом этяпти. Тадбиркорлардан бири пул компенсацияси ўрнига янги жойдан дўкон беришни сўраган, иккинчисига эса компенсация тўланади", — дейди у.

Унинг таъкидлашича, компенсация ауксионда ғолиб бўлган инвестор эмас, давлат томонидан тўланади.

"Бу маблағ Тошкент шаҳар транспорт департаментининг Ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қопланади. Чунки биз инвестор олдида мажбурият олганмиз — унга бекат қуриш учун ерни тайёр ҳолда топширишимиз керак. Шунинг учун зарур ҳолларда тадбиркорларга компенсация тўланади", — деди Фурқат Муродов.

Газета мухбири Тошкентдаги барча дўконли бекатлар тақдири, бу жараён қачон якунланиши ва бекатларни модернизация қилиш дастури бўйича аниқ муддат бор-йўқлиги ҳақида сўради.

Фурқат Муродовга кўра, шаҳарда қарийб 3 мингта автобус бекати мавжуд бўлиб, улар босқичма-босқич реконструксия қилинади.

"Тошкентдаги 3 мингга яқин бекатнинг 739 таси дўконли бекат. Ҳозир биз хорижий ҳамкорлар билан бирга биринчи босқичда 100 километр марказий кўчани қайта лойиҳалаштиряпмиз. Бу фақат бекатлар эмас, балки светофорлар, йўл чизиқлари ва тирбандликка таъсир қилувчи бошқа инфратузилма элементларини ҳам қамраб олади", — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳудудда жами 300 та автобус бекати лойиҳага киритилган.

"Уларнинг 150 таси оддий бекатлар, 50 дан ортиғи бошқа турдаги бекатлар, 116 таси эса дўконли бекатлардир. Бу йил айнан шу 300 та бекатни реконструксия қилишни якунлашни режалаштирганмиз", — дейди Муродов.

Унинг таъкидлашича, келгусида қолган дўконли бекатлар ҳам босқичма-босқич замонавий бекатларга алмаштирилади.

"Агар иккинчи босқичда яна 100 километр йўл лойиҳалаштирилса ва унга 400−500 та бекат кирса, дўконли бекатлар аниқланган ҳолларда улар билан ҳам худди шу тартибда ишланади. Яъни тадбиркорларга қўшимча ер ажратиш, кўчириш ёки компенсация тўлаш масалалари қонунчилик асосида босқичма-босқич ҳал қилинади", — дейди у.

Муродовнинг сўзларига кўра, Тошкентдаги барча дўконли бекатлар босқичма-босқич йўловчилар ва жамоат транспорти ҳаракати учун қулай бўлган янги намунадаги автобус бекатлари билан алмаштирилади.

**Бекатларни ижарага бериш ва инвесторлар**

Промобилис компанияси раҳбари Екатерина Кочергинанинг тушунтиришича, давлат мулки ҳисобланган автобус бекатларини ижарага бериш ҳуқуқи электрон ауксион орқали сотилади. Танловдан фарқли ўлароқ, ауксион иштирокчиларни тажрибаси ёки техникасига қараб саралаш имконини бермайди. Унда ягона мезон — таклиф этилган ижара нархи ҳисобланади.

Газета аввал хабар берганидек, бекатлар бўйича бир нечта ауксион эълон қилинган бўлиб, уларнинг айримлари ўтмаган. Иккита ауксионда ЭВИ Снаскс компанияси ғолиб бўлиб, йилига 1,7 млрд сўм ижара ҳақини таклиф қилган.

2025-йил 28-февралда 36 та, 2026-йил 27-январда эса яна 460 та автобус бекати (шундан 230 таси реклама жойлаштириш имкониятига эга ва 230 таси "ижтимоий" бекатлар) ауксионга қўйилган.

Кочергинанинг таъкидлашича, агар инвестор шартнома талабларини бажармаса, шаҳар ҳокимлиги ижара шартномаси тузилган Давлат активларини бошқариш агентлигига мурожаат қилади. Агентлик шартномани суд орқали бекор қилишга ҳаракат қилади.

"Қонунчиликда шартномани судсиз бекор қилиш тартиби назарда тутилмаган. Бу ижарачининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳам ҳимоя қилади", — дейди ҳуқуқшунос.

Оллоёр Норбутаевнинг маълум қилишича, 2026−2027-йилларда яна 1785 та автобус бекати ауксионга чиқарилиши режалаштирилган.

Ҳозирги кунда ЭВИ Снаскс компанияси 496 та бекатдан 250 тасида конструксияларни ўрнатган ва уларни жиҳозлаш ишларини давом эттирмоқда. Барча бекатларни йил охирига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

**Янги бекатлар дизайнини такомиллаштириш**

Кучли жазирама кунларда ижтимоий тармоқларда янги автобус бекатлари қуёшдан етарлича ҳимоя қилмаётгани, том қисми, ўриндиқ ва бошқа элементлари қизиб кетиши ҳақида кўплаб шикоятлар тарқалди.

Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икрамовнинг маълум қилишича, шаҳар ҳокимлиги бекатлар дизайнига ўзгартиш киритишга тайёр ва бу борада инвестор компания билан музокаралар ўтказилган.

"Бизга энг кўп эътироз том қисми бўйича тушди. Хусусан, кўпроқ соя бериши ва иссиқликни камроқ ўтказиши кераклиги айтилди. Шу муносабат билан пудратчи компания билан музокара ўтказдик ва у том конструксиясини қайта ишлаб чиқишга розилик билдирди. Бу масалани қайта кўриб чиқамиз", — дейди у.

Унинг айтишича, бекатларнинг сиғими ҳам қайта баҳоланмоқда.

"Дарахтлар сояси, очиқ ҳудудлар ва йўловчилар оқими ҳисобга олинган ҳолда ўрнатилган бекатларни яна бир бор таҳлил қиламиз. Зарур бўлган жойларда битта эмас, иккита ёки учта конструксия ўрнатишга ҳам тадбиркор тайёрлигини билдирди. Барча эътироз ва таклифларни қайта кўриб чиқяпмиз. Бу ишлар яқин вақт ичида якунланади", — дейди Миракбар Икромов.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев ҳам ҳокимлик мутахассислар ва жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда турли ечимларни ўрганаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, муҳокама қилинаётган таклифлар орасида:

* соя майдонини кенгайтириш учун соябонни катталаштириш;

* том қисми учун камроқ қизийдиган материалларни синаб кўриш;

* ҳозирча соя етишмайдиган жойларда вақтинчалик ечимларни жорий этиш бор.

"Кўпроқ соя яратиш учун қўшимча соябонлар ва перголалар ўрнатиш имкониятини ҳам кўриб чиқяпмиз", — дейди у Газетаъга берган интервюсида.

Шунингдек, ўзгаришлар бекатларнинг сиғимига ҳам тааллуқли бўлади. Йўловчилар оқими юқори бўлган йўналишларда битта эмас, балки икки ёки уч модулдан иборат бекатлар ўрнатилиши мумкин.

Алина Бисембаеванинг таъкидлашича, бекат дизайни кўчанинг ўлчами ва фазовий хусусиятларига мос бўлиши лозим. Ҳозир ишлаб чиқилаётган транспорт мастер-режаси доирасида йирик транспорт-алмашув тугунлари консепсияси ҳам тайёрланмоқда.

Унинг айтишича, бундай жойларда бекатлар формати бутунлай бошқача бўлиши мумкин.

"Турли ҳудудлар турлича ечимларни талаб қилади. Тор кўча учун бир формат тўғри келса, метро, темир йўл ва автобуслар туташадиган йирик транспорт тугуни учун мутлақо бошқача ёндашув керак. Бундай жойларда каттароқ бекатлар, шунингдек, халқаро тажрибада кенг қўлланадиган савдо нуқталари ёки кафеларни ҳам назарда тутиш мумкин", — дейди Бисембаева.

Маълум қилинишича, келгусида автобус бекатларини жойлаштириш учун ер участкалари қайта кўриб чиқилган шартлар асосида ауксионга чиқарилади.

**Автобус ҳаракати интерваллари ва ажратилган йўлаклар**

Миракбар Икрамовнинг айтишича, идеал шароитда шаҳар автобус йўналишларида ҳаракат интервали 15 дақиқадан ошмаслиги керак. Бироқ ҳозир амалда айрим йўналишларда автобусни 40 дақиқагача кутишга тўғри келаётганини у тан олди.

Унинг сўзларига кўра, бу фақат автобуслар етишмаслиги билан боғлиқ эмас. Асосий муаммолардан яна бири — жамоат транспорти учун ҳаракатда устуворлик таъминланмагани. Натижада бир йўналишдаги автобуслар тирбандликда қолиб кетади ва кейин бекатга кетма-кет етиб келади.

Бу муаммони ҳал қилиш учун шаҳарда ажратилган автобус йўлаклари тармоғи кенгайтирилмоқда. Шунингдек, йил охирига қадар яна 240 та автобус харид қилиниши режалаштирилган.

СТЕП Ситй лойиҳа-таҳлил компаниясининг бошқарувчи ҳамкори Алина Бисембаеванинг таъкидлашича, фақат ажратилган йўлакни чизиб қўйишнинг ўзи етарли эмас.

"Бунинг учун қоидаларга риоя этилишини таъминлайдиган бошқарув тизими ҳам керак. Жумладан, ажратилган йўлакларда тўхташ ёки бошқа автомобилларнинг уларда ҳаракатланиши каби қоидабузарликлар автоматик қайд этилиши ва назорат қилиниши лозим", — дейди у.

**Бекатларнинг жойлашуви ва номлари**

Пойтахт ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиевнинг маълум қилишича, шаҳардаги 100 километр кўчани таҳлил қилиш жараёнида айрим автобус бекатлари йўловчилар оқими ва аҳоли кўп борадиган манзиллардан келиб чиқиб бошқа жойга кўчирилган.

Унинг айтишича, жумладан, аввал бекат бўлмаган Халқлар дўстлиги саройи ёнида янги бекат ташкил этилган. Илгари бу ҳудудда қўшни бекатлар орасидаги масофа 800 метр бўлган. Шунингдек, "Буюк ипак йўли" метро бекати чиқишларидан бири олдида янги автобус бекати барпо этилган. "Пушкин" метро бекати ёнидаги бекат ҳам қайта тикланмоқда.

"Оддий шаҳарлик бу ўзгаришларни дарҳол сезмаслиги мумкин. Фарқни асосан айнан шу бекатдан доимий фойдаланганлар пайқайди. Лекин бутун шаҳар миқёсида бу ўзгаришлар сезиларли самара беради", — дейди шаҳар ҳокими ўринбосари.

Алина Бисембаеванинг қайд этишича, автобус бекатлари одамлар энг кўп ташриф буюрадиган нуқталарга яқин жойлаштирилиши керак. Масалан, бекат мактабдан 500 метр нарида эмас, имкони борича унинг ёнида бўлиши лозим. Шунингдек, бекатлар пиёдалар ўтиш жойи ва бошқа транспортга қулай алмашиш имкони мавжуд бўлган чорраҳаларга яқин жойлаштирилгани маъқул.

У яна бир бор таъкидлашича, бекатнинг ўлчами ва тури ҳам жойнинг хусусиятига қараб танланиши зарур. Йирик транспорт-алмашув тугунларида турли йўналишлар учун алоҳида чиқиш зоналарига эга катта павилонлар барпо этилиши мумкин. Тор кўчаларда эса ихчам конструксиялар мақбул ҳисобланади.

Тошкентдаги кўплаб автобус бекатларининг номлари ўнлаб йиллардан бери ўзгармаган ва кўп ҳолларда ҳудуднинг ҳозирги номи ёки яқин атрофдаги обьектларни акс эттирмайди.

Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икрамовнинг маълум қилишича, шаҳар ҳокимлиги бу муаммодан хабардор.

Унинг сўзларига кўра, йил охирига қадар автобус бекатлари номларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. Бу жараён жамоатчилик муҳокамаси орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.

Икрамовнинг таъкидлашича, агар аҳолидан асосли таклифлар келиб тушса, бекатлар номларини ўзгартиришга тайёрлик бор.

toshkentmodernizatsiyajamoat transportiinfratuzilmaavtobus bekatlaritirbandlikdo'konli bekatlardizayn