“Толибон” еттита хусусий университет фаолиятини тўхтатиб қўйди

“Толибон” ҳукумати остидаги Афғонистон Олий таълим вазирлиги еттита хусусий университетнинг фаолиятини бир йил муддатга тўхтатди, яна иккита олийгоҳнинг лицензиясини эса бутунлай бекор қилди. Бу ҳақда Ариана Невс маълумот берди.
Мазкур қарор баҳорги семестрда олий таълим муассасаларида ўтказилган текширув ва баҳолаш натижаларига асосланиб қабул қилинган. Университетларга аввалроқ камчиликларни бартараф этиш бўйича бир неча бор огоҳлантиришлар ва тавсиялар берилган эди. Шунга қарамай, тўққизта хусусий университетда жиддий қоидабузарликлар аниқланган.
Фаолияти бир йилга тўхтатилган еттита университет қуйидагилар:
* Жузжон вилоятидаги “Барлос”;
* Балх вилоятидаги “Раҳи Саадат” ва “Туркистон”;
* Бадахшон вилоятидаги “Азҳар” ва “Барна”;
* Форёб вилоятидаги “Рашад”;
* Кобул шаҳридаги “Паям” университетлари.
Бундан ташқари, Қундуз вилоятидаги “Кўҳандуз” ҳамда Тахор вилоятидаги “Хонайи Данеш” университетларининг лицензиялари бекор қилинган.
Олий таълим вазирлиги қоидабузарликлар қаторида бир қанча асосий омилларни санаб ўтди. Жумладан, олийгоҳларда тегишли академик ва маъмурий раҳбарликнинг йўқлиги қайд этилган. Шунингдек, ҳужжатларда дарсларга қатнашаётгани ва жадвалга киритилган бўлса-да, амалда дарсларда умуман иштирок этмаган “сохта талабалар” борлиги аниқланган.
Текширувлар давомида семестрнинг дастлабки 10 ҳафтасида давомат ҳисобини юритмаслик, ўқишдан четлаштирилган талабаларга якуний имтиҳонларни топшириш ва юқори курсларга ўтишга ноқонуний рухсат бериш ҳолатлари кузатилган. Вазирлик, шунингдек, айрим университетларда амалий машғулотлар учун зарур лаборатория, асбоб-ускуна ва материаллар етишмаслигини, уларнинг вазирлик тасдиқлаган ўқув дастурига амал қилмаётганини маълум қилди.
Лицензияси бекор қилинган икки университетда давоматни сохталаштириш ҳолатлари аниқланган. Унга кўра, семестр давомида дарсларга умуман келмаган айрим талабалар дарсда бўлган деб қайд этилган.

