“Толибон” етакчиси тўртта соҳада солиқ имтиёзи эълон қилди

“Толибон” раҳбари тўртта соҳада солиқ имтиёзларини эълон қилди

Афғонистоннинг “Толибон” ҳукумати раҳбари тўртта асосий соҳада солиқ юкини камайтириш бўйича қарорни тасдиқлади. Расмийлар бу қадамнинг мақсади инвестицияларни жалб қилиш, иқтисодий фаолликни ошириш ва фуқаролар ҳамда хусусий секторнинг молиявий юкини енгиллаштириш эканлигини таъкидлади. Бу ҳақда ТОЛОневс хабар берди.

Янги чораларни эълон қилиш маросимида бош вазирнинг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий иштирок этди. Унинг сўзларига кўра, солиқ имтиёзлари юридик шахслар, жисмоний шахслар, мулкни расмийлаштириш ва ёнилғи (нефт ва газ) импортига тааллуқлидир.

Солиқ ставкалари қандай ўзгарди?

Янги қарорга кўра, солиқ тизимида қуйидаги ўзгаришлар киритилмоқда:

Кончилик компанияларидан ташқари барча юридик шахслар, жумладан, хусусий шифохоналар ва корхоналар учун даромад солиғи 10 фоизгача камайтирилди. Аввал бу ставка 20 фоизни ташкил этган.

Жисмоний шахслар учун солиқ олинмайдиган йиллик даромад миқдори икки баробарга оширилди. Аввал 60 минг афғоний бўлган бу кўрсаткич 120 минг афғонийга (тахминан 1 800 доллар) етказилди. Эндиликда йилига 120 минг афғонийгача даромад топадиган фуқаролар солиқ тўламайди.

Нефт ва газ импорти учун солиқ ҳар бир метрик тонна учун 100 афғонийдан 50 афғонийга туширилди. Кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш (олди-сотди) солиғи 1 фоиздан 0,5 фоизга камайтирилди.

Маблағлар қаерга сарфланади?

Молия вазири Муҳаммад Носир Охунднинг маълум қилишича, “Толибон” ҳокимиятга қайтганидан буён мамлакатда жами 13 марта солиқ имтиёзлари жорий этилган. “Сиз бугун тўлаётган солиқлар Ислом амирлигининг мудофаа, хавфсизлик, разведка ва давлатнинг одатий харажатларини молиялаштиришга сарфланмоқда”, деди молия вазири.

Тадбирда саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий ҳам сўзга чиқди. У хусусий сектор ва инвесторларни солиқларни шаффоф тўлашга ва солиқдан қочмасликка чақирди. Ислом амирлиги расмийлари ушбу янги имтиёзларни Афғонистонда бизнес муҳитини яхшилаш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш йўлидаги муҳим қадам деб баҳоламоқда. Аввалроқ “Толибон” аёлининг кийими сабаб унинг эрини ҳибсга олгани ҳақида хабар берилганди.

iqtisodiy o'sishafg‘onistontolibonsoliq imtiyozlariinvestitsiyalarmoliyabiznes muhitjismoniy shaxslar