Таниқли режиссёр Кристофер Нолан ҳақида кўпчилик билмайдиган 6 та қизиқарли факт

**Таниқли режиссёр Кристофер Нолан ҳақида кўпчилик билмайдиган 6 та қизиқарли факт**
Кристофер Нолан филмлари бутун дунё бўйлаб миллионлаб мухлислар томонидан севиб томоша қилинади, аммо режиссёрнинг шахсий ҳаёти ҳақида кўпчилик кам маълумотга эга. Бу йил 56 ёшни қарши олган “Муқаддима”, “Интерстеллар” ва “Оппенгеймер” каби кўплаб машҳур асарлар муаллифининг ҳаёти ва ижодига оид қизиқарли фактларни жамладик.
**Кино билан болалигидан ошно бўлган**
Кристофернинг отаси реклама соҳасида фаолият юритган, онаси эса аввал стюардесса, кейинчалик инглиз тили ўқитувчиси бўлган. Оила Буюк Британия ва АҚШ фуқаролигига эга бўлиб, Чикаго ҳамда Лондонда яшаган.
Нолан етти ёшида Супер 8 камераси ёрдамида қисқа метражли филмлар суратга олишни бошлаган. У ўйинчоқ аскарлар ва НАСАда ишлаган амакиси юборган ракета учирилиши тасвирларидан фойдаланган. “Тиғ устида югурувчилар” (Бладе Руннер) ва “Ўзга сайёралик” (Алиен) филмларини томоша қилгач, у режиссёр бўлишга қатъий қарор қилган. “Юлдузлар жанги” ҳамда “2001: коинот Одиссеяси” ҳам унинг ижодига катта таъсир кўрсатган.
У кино мактабини эмас, Лондон университет коллежида инглиз адабиётини ўқишни танлаган. Бироқ ўқиш билан бирга қисқа метражли филмлар суратга олишда давом этган. Кейинчалик атиги 6 минг доллар бюджет эвазига илк тўлиқ метражли филми — “Таъқиб” (Фолловинг)ни яратган. Кам бюджетли бўлишига қарамай, филм ўз харажатини бир неча баробар қоплаган ва Голливуд эътиборини тортган.
**Плёнкага содиқ қолган режиссёр**
Нолан бугунги кунгача филмларни киноплёнкада суратга олиш тарафдори ҳисобланади. Унинг фикрича, плёнка тасвирга рақамли камералар бера олмайдиган чуқур маъно ва табиийлик бахш этади. Бундан ташқари, плёнканинг чекланганлиги суратга олиш жараёнида янада пухта тайёргарлик кўришга ундайди.
2014-йилда Кодак компанияси банкротлик ёқасига келганида, айнан Нолан йирик киностудияларни компания билан янги шартномалар тузишга кўндирган.
Режиссёр компютер графикаси (СГИ)ни ҳам имкон қадар кам қўллайди. У яшил фон ва сунъий эффектлар ўрнига ҳақиқий декорациялар ҳамда амалий махсус эффектлардан фойдаланишни афзал кўради.
**Ижодкорлар оиласи**
Кристофер Ноланнинг энг яқин ҳамкори — унинг укаси Жонатан Нолан. Ака-ука кўплаб филмлар ссенарийси устида бирга ишлаган. Уларнинг илк йирик ҳамкорлиги “Эслаб қол” (Мементо) филми бўлиб, кейинчалик у АҚШ Миллий кино реестрига маданий аҳамиятга эга асар сифатида киритилган.
Режиссёрнинг рафиқаси Эмма Томас ҳам унинг барча филмларининг продюсери ҳисобланади. Улар университет даврида танишган ва шундан буён биргаликда ишлашади.
Улар тўрт нафар фарзанднинг ота-онаси. Нолан баъзан янги филмларига фарзандлари номи билан боғлиқ махфий ищи номлар ҳам беради. Масалан, “Қора рицар” филми суратга олиш жараёнида “Рорининг биринчи бўсаси”, “Бошланиш” эса “Оливернинг ўқи” номи билан юритилган.
**Доимий ҳамкор актёрлар**
Йиллар давомида Нолан ўзининг ишончли актёрлар жамоасини шакллантирган. Кристиан Бейл унинг “Қора рицар” трилогиясида Бетменни, “Престиж” филмида эса фокусчини гавдалантирган.
Майкл Кейн эса режиссёрнинг етти филмида суратга тушгани сабабли кўпинча “Ноланнинг омад тумори” деб аталади.
Агар Нолан филмида унутилмас мусиқа янграса, унинг муаллифи аксарият ҳолларда Ҳанс Зиммер бўлади. Оператор сифатида эса у узоқ йиллар Уолли Пфистер билан ишлаган, кейинчалик бу вазифани Ҳойте ван Ҳойтема давом эттирган.
**Мукофот ва эътирофлар**
2024-йил Кристофер Нолан фаолиятидаги энг муҳим йиллардан бири бўлди. У “Оппенгеймер” филми учун “Энг яхши филм” ва “Энг яхши режиссёр” йўналишларида илк бор “Оскар” мукофотига сазовор бўлди.
Шунингдек, у кино санъатига қўшган улкан ҳиссаси учун Британия империяси рицари унвони билан тақдирланди. Эндиликда унга расман “Сер Кристофер Нолан” деб мурожаат қилиш мумкин.
**Яна бир нечта қизиқарли факт**
Кристофер Нолан чапақай ва қизил-яшил рангларни ажратишда қийналади. Мутахассислар бу ҳолат унинг филмларидаги ранг танлови ва ёритишга ҳам таъсир қилганини таъкидлайди.
Режиссёр замонавий технологиялардан деярли фойдаланмайди. Унда мобил телефон, ижтимоий тармоқлар ва ҳатто электрон почта ҳам йўқ. Муҳим хабарлар аввал ёрдамчисига юборилади, у эса керакли маълумотларни қоғозга чиқариб беради.
Нолан суратга олиш майдончасига деярли ҳар доим бир хил кийимда келади ва дам олиш кунлари ишламайди.
Яна бир муҳим жиҳат — Голливудда кам сонли режиссёрларгина эга бўладиган имтиёз, яъни филмнинг якуний монтажини мустақил тасдиқлаш ҳуқуқи айнан Кристофер Ноланга берилган.

