Лайфстайл

Жаҳон киносида миллиардлаб доллар ишлаган режиссёрлар кимлар?

Жаҳон кинематографиясида энг катта касса йиғимларини қайд этган режиссёрлар рейтинги маълум бўлди. Рейтингда биринчи ўринни 10,7 миллиард доллардан ортиқ йиғим билан америкалик режиссёр Стивен Спилберг эгаллади.

Жаҳон киносида миллиардлаб доллар ишлаб топган режиссёрлар кимлар?

2026-йил январ ойидаги Статиста маълумотларига асосланган рейтингда жаҳон киноси тарихида энг кўп даромад келтирган 20 нафар режиссёрнинг умумий касса йиғимлари ҳисоблаб чиқилди. Ушбу ҳисоб-китобга 2026-йилда прокатга чиққан ва намойиши ҳали якунланмаган филмлар киритилмаган.

Рейтингнинг етакчиси Стивен Спилберг бўлиб, унинг фаолияти давомида суратга олган 37 та бадиий филми жаҳон прокатида 10,7 миллиард доллардан ортиқ даромад келтирган. Унинг энг муваффақиятли филми "Юра даври боғи" (Журассис Парк) бўлиб, ушбу картина бир миллиард доллардан зиёд касса йиғимини тўплаган. Спилбергнинг машҳур асарлари қаторига "Жағлар", "Ўзга сайёралик", "Оддий аскар Раянни қутқариш" ҳамда етти марта "Оскар" мукофотига сазовор бўлган "Шиндлер рўйхати" киради.

Иккинчи ўринни филмлари 9,8 миллиард доллар даромад келтирган Жеймс Кемерон эгаллади. Унинг "Титаник", "Аватар", "Терминатор" ва "Ўзга" каби филмлари жаҳон киносида энг машҳур лойиҳалардан саналади. Айниқса, "Аватар" франшизаси Кемероннинг асосий муваффақиятига айланган.

Рейтингда шунингдек, Марвел филмлари билан танилган Энтони ва Жо Руссо, "Узуклар ҳукмдори" ва "Хоббит" трилогиялари муаллифи Питер Жексон, "Трансформерлар" франшизаси режиссёри Майкл Бей ҳам юқори ўринларни эгаллаган.

Таниқли режиссёр Кристофер Нолан ҳам энг кўп даромад келтирган киномуаллифлар қаторидан жой олган. Унинг филмлари жами 6,1 миллиард доллардан ортиқ касса йиғимини тўплаган. Ноланнинг энг катта тижорий муваффақияти эса Бетмен ҳақидаги трилогиянинг якуний қисми – "Қора рицар: Афсонанинг юксалиши" филми бўлган.

Мутахассислар таъкидлашича, рейтингдаги режиссёрларнинг аксарияти энг катта молиявий муваффақиятга йирик кинофраншизалар ёки машҳур асарлар экранлаштируви орқали эришган.

hollywoodchristopher nolanbox officefilm directorssteven spielbergjames cameronhighest-grossing filmsfilm franchises