Сурхондарёда қарийб 100 йиллик Зарафшон арчалари қўпориб ташланди

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида қарийб юз йиллик Зарафшон арчалари ноқонуний равишда кесиб ташланганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 3-август куни туманнинг Сангардак маҳалласидаги Узун ўрмон хўжалигига тегишли ҳудудда дарахтларга шикаст етказиш ва уларни қўпориш ҳолатлари аниқланган. Дастлабки маълумотларга кўра, 11 тупга яқин, тахминан 100 йиллик Зарафшон арчаси илдизи билан қўпориб ташланган. Ушбу ҳаракатлар ҳеч қандай рухсатномасиз, экология ходимларининг огоҳлантиришларига қарамай амалга оширилган.
Ҳозирда Экология миллий қўмитаси Экополицияси, Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва экология ҳудудий бош бошқармаси вакилларидан ташкил топган ищи гуруҳ мазкур ҳолатни ўрганмоқда. Ўрганишлар якунлангач, етказилган зарар миқдори аниқланиб, қонунбузарларга нисбатан амалдаги қонунчиликка мувофиқ қатъий чоралар кўрилиши таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятининг Олот туманида дарахтларни ноқонуний кесиб, табиатга катта миқдорда зарар етказган тадбиркордан 1,3 миллиард сўм ундирилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Тошкент вилоятида 121 туп дарахт ноқонуний кесилиб, табиатга 1 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилгани аниқланган.

