Маҳаллий

Сурхондарёда қўриқхона ходимларига ўқ узиб қочган браконьерларга жиноят иши очилди

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган қўриқхонада инспекторларга қарата ўқ узиб, воқеа жойидан қочиб кетган уч нафар браконьерга нисбатан жиноий иш очилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, “Сурхон” давлат қўриқхонаси ходимлари “Шержон” бўлимида кузатув олиб бораётган вақтда ов қуроллари билан юрган уч нафар шахсни пайқаган. Ҳуқуқбузарларга бир неча бор тўхташ ишораси берилганига қарамай, улар қонуний талабга бўйсунмаган. Аксинча, қўриқхона ходимларига қарата ўқ узиб, ўзларига тегишли рюкзакларни ташлаган ҳолда воқеа жойидан яширинган. Ташлаб кетилган рюкзаклар текширилганда, уларнинг ичидан икки бош ҳайвоннинг нимталанган гўштлари топилган.

Ўтказилган тезкор суриштирув ишлари натижасида қочиб кетган ҳуқуқбузарларнинг шахси аниқланиб, тўпланган барча ҳужжатлар туман ИИБга тақдим этилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 202-моддаси (ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда табиатга 387 миллион сўм зарар етказган браконьерлар қўлга олинган эди. Бошқа бир ҳолатда эса Сирдарёда электр қармоқ билан балиқ овлаганлар табиатга 500 миллион сўмдан ортиқ зарар етказганди.

uzbekistanlaw enforcementinvestigationpoachingenvironmental damagewildlife crimenature reserveshooting incident