Шимолий Корея аҳолига ит шўрвасини ичишни тавсия қилди

Шимолий Корея аҳолига жазирама иссиқдан ҳимояланиш учун ит ва товуқ гўштидан тайёрланган шўрваларни истеъмол қилишни маслаҳат берди, деб хабар қилди Реутерс.
Давлат оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилаётган ушбу тавсиялар мамлакатда ҳаво ҳарорати 6-август куни 36,7 даражага етганидан сўнг пайдо бўлди. Бу кўрсаткич Шимолий Кореяда об-ҳаво кузатувлари бошланганидан бери қайд этилган энг юқори ҳарорат ҳисобланади.
Ҳукмрон Корея Меҳнат партиясининг "Родонг Синмун" газетаси 2-август куни Пхенян бош шифохонаси шифокорининг жазирамада овқатланиш бўйича тавсияларини эълон қилди. Унда организмни салқинлаштирувчи маҳсулотлар, жумладан, тарвуз, бодринг ва мош, шунингдек, ит гўштидан шўрва, балиқ ва қизил ловиядан тайёрланган бўтқа каби "тўйимли таомлар" тавсия этилган.
Газета ит гўштидан тайёрланган шўрвани ёзги анъанавий таом сифатида алоҳида таъкидлаб, "Ёзнинг иссиқ кунларида ит гўштидан тайёрланган шўрва оёққа тўкилиб кеца ҳам, даво бўлади", дея ёзган.
2016-йил бошида Шимолий Кореяда ит гўштидан таом тайёрлаш бўйича республика танлови ҳам ўтказилган эди. 5-август куни Корея марказий ахборот агентлиги (КСНА) женшен, гуруч ва чилонжийда солиб тайёрланадиган товуқ шўрвасини ҳам мақтаб чиқди.
Корея марказий телевидениеси эса жазирама пайтида саломатликка эътибор бериш, кўпроқ сув ичиш, сузиш ва очиқ ҳавода машқ қилиш бўйича тавсиялар бермоқда. Шимолий Корея жазирама оқибатида вафот этганлар ҳақида маълумот бермаган. Қўшни Жанубий Кореяда эса иссиқдан 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Мамлакатда 2-август куни ҳаво ҳарорати 42,5 даражагача кўтарилиб, об-ҳаво кузатувлари бошланган 1904-йилдан буён энг юқори кўрсаткични қайд этганди.

