Шахмат. Жавоҳир Синдоров "Саинт Лоуис Рапид & Блитз 2026” турнирида қатнашмоқда

Шахмат бўйича "Гранд Чесс Тоур" сериясининг навбатдаги босқичи – "Саинт Лоуис Рапид & Блитз 2026" турнири АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров ҳам иштирок этмоқда.
Мусобақада дунёнинг энг кучли шахматчилари, жумладан, Фабиано Каруана (АҚШ), Винсент Кеймер (Германия), Аниш Гири (Нидерландия), Жорден ван Форест (Нидерландия), Левон Аронян (АҚШ), Уесли Со (АҚШ), Праггнанандха Рамешбабу (Ҳиндистон), Ленер Домингес Перес (АҚШ) ва Авондер Лианг (АҚШ) каби номлар қатнашмоқда.
Кеча, халқаро мусобақа дастурига кўра, рапид йўналишида 3 та тур ўйинлари ўтказилди. Жавоҳир Синдоров биринчи турда Аниш Гири билан оқ доналарда дуранг ўйнади, иккинчи турда Винсент Кеймер билан қора доналарда дуранг қайд этди. Учинчи турда эса оқ доналарда Жорден ван Форестни мағлубиятга учратди.
Умумий мукофот жамғармаси 200 минг АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу халқаро турнирнинг дастлабки 3 та туридан сўнг Жавоҳир Синдоров қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига 4 очко билан 3-ўринни эгаллаб турибди.
Ҳозирда 5 очко тўплаган Праггнанандха Рамешбабу мусобақада етакчилик қилмоқда. Уни 4 очко билан Уесли Со ва Жавоҳир Синдоров таъқиб этмоқда. Бугун, 3-август куни "Саинт Лоуис Рапид & Блитз 2026" мусобақасининг рапид йўналишида 4- ва 5-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Дастурга кўра, 9 та турдан иборат рапид мусобақалари 5-августга қадар давом этади. Шундан сўнг, 5-7-август кунлари 9 та турдан иборат блиц баҳслари ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, турнирда шахматчилар "Гранд Чесс Тоур"нинг муҳим рейтинг очколари билан бирга, биринчи ўринни эгаллаган шахматчига бериладиган 50 минг АҚШ доллари учун ҳам кураш олиб боришади.

