Спорт

Жавоҳир Синдаров Сент-Луисда: элита шахмат сериясининг ҳал қилувчи босқичи

Жавоҳир Синдаров Гранд Чесс Тоур элита сериясининг сўнгги босқичини тўртинчи ўриндан 4 очко ортда бошлайди. Уни 27 та рапид ва блиц партияси, Синкфилд кубоги ҳамда финалга чиқиш учун кураш кутмоқда. Газета Синдаровнинг мавсумнинг энг яхши тўрт шахматчиси қаторига кириш имкониятини таҳлил қилади.

**Жавоҳир Синдаров Сент-Луисда: Элита шахмат сериясининг ҳал қилувчи босқичи**

АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида Гранд Чесс Тоур элита шахмат туркумининг якуний қисми бошланади. Агар Жавоҳир Синдаров рапид ва блиц турнири ҳамда классик вақт назоратидаги Синкфилд кубогида муваффақиятли иштирок этиб, мавсумнинг энг яхши тўрт нафар иштирокчиси қаторига кира олса, уни серия финали кутмоқда.

"Газета" ўзбекистонлик гроссмейстернинг ушбу шахмат марафонига қандай натижалар билан етиб келганини ва унинг чемпионлик учун курашни давом эттириш имкониятларини таҳлил қилади.

Унинг халқаро турнирлардаги иштироки, Гранд Чесс Тоурга тайёргарлиги ва мураббийлар билан олиб бораётган машғулотлари Ўзбекистон Миллий банки кўмагида амалга оширилмоқда.

Сент-Луис, аҳолиси 300 минг нафардан кам бўлган нисбатан кичик Америка шаҳри бўлишига қарамай, сўнгги йигирма йил ичида жаҳон шахматининг муҳим марказларидан бирига айланди. 2008-йилда шаҳарлик тадбиркор ва меценат Рекс Синкфилд бу ерда шахмат клубига асос солган. Орадан бир йил ўтиб, Сент-Луисда АҚШнинг эркаклар ва аёллар ўртасидаги шахмат чемпионатлари ўтказила бошланди ва шундан буён мусобақалар мунтазам равишда шу ерда ташкил этиб келинмоқда.

2013-йилда халқаро Синкфилд кубоги таъсис этилди, икки йилдан сўнг эса у дунёнинг етакчи гроссмейстерлари иштирок этадиган Гранд Чесс Тоур турнирлар серияси таркибига қўшилди. 2026-йилда Сент-Луис бир вақтнинг ўзида турнинг учта ҳал қилувчи мусобақасига мезбонлик қилади: рапид ва блиц босқичи, Синкфилд кубоги ҳамда мавсумнинг энг яхши тўрт нафар иштирокчиси учун финал.

Америкадаги мусобақалар бошланишидан аввал Жавоҳир Синдаров 10,5 очко билан умумий ҳисобда олтинчи ўринни эгаллаб турибди. У тўртинчи ўринда бораётган франсиялик гроссмейстер Максим Ваше-Лагравдан тўрт очко ортда. Жадвалда эса америкалик Фабиано Каруана 20 очко билан пешқадамлик қилмоқда.

Бу фарқни ҳал қилувчи деб бўлмайди, чунки бир босқичда якка ғолиб бўлган шахматчи 13 рейтинг очкосига эга бўлади. Шу боис серия финалига йўл оладиган тўрт нафар иштирокчи таркиби фақат Сент-Луисдаги икки турнир якунларига кўра аниқланади.

Синдаровнинг финал йўлланмаси учун асосий рақиблари Фабиано Каруана, Винсент Каймер, Максим Ваше-Лаграв, Уесли Со, Рамешбабу Праггнанандҳа, Аниш Гири ва Ёрден ван Форест бўлади.

Бироқ ўзбекистонлик гроссмейстер мавсумнинг ҳал қилувчи босқичига элита сериясидаги истиқболли ёш иштирокчилардан бири сифатида эмас, балки жорий шахмат йилининг асосий қаҳрамонларидан бири сифатида етиб келди. Баҳорда Синдаров Номзодлар турнирида бирорта ҳам мағлубиятга учрамай ғолиб чиқди ва амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан жаҳон тожи учун баҳс олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритди. Жаҳон чемпионлиги учун учрашув йил охирида Женевада ўтказилиши режалаштирилган.

Бундан аввал эса Синдаров 2025-йилги Жаҳон кубоги ғолиби бўлган эди. Шу боис Гранд Чесс Тоур ташкилотчилари уни Америка босқичлари иштирокчилари қаторида амалдаги Жаҳон кубоги соҳиби ва Номзодлар турнири ғолиби сифатида тақдим этмоқда.

Жорий Гранд Чесс Тоур серияси доирасида Жавоҳир Синдаров Бухарестдаги классик шахмат турнирида учинчи ўринни эгаллади. У 9 партиядан 5 очко тўплаб, мусобақа ғолиби Винсент Каймер ҳамда Фабиано Каруанадан кейинги ўринни қайд этди.

Сент-Луисга йўл олишдан олдин Синдаров Маями шаҳрида Ўзбекистон терма жамоаси сафида АҚШга қарши ўртоқлик учрашувида иштирок этди. Блиц баҳсларида у дунёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири шахматчиларига қарши 12 партиядан 7,5 очко жамғарди.

Бу натижалар Синдаровни қолган икки турнирда юқори ўринлар учун курашадиган асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрсатмоқда. Шу билан бирга, Сент-Луисдаги мусобақаларда иштирок этадиган шахматчилар таркиби ниҳоятда кучли бўлади.

Сент-Луисдаги илк синов Саинт Лоуис Рапид & Блитз турнири бўлади. Унда ўн нафар гроссмейстер — Жавоҳир Синдаров, Фабиано Каруана, Винсент Каймер, Уесли Со, Рамешбабу Праггнанандҳа, Аниш Гири, Ёрден ван Форест, шунингдек махсус таклифнома олган Левон Аронян, Ленер Домингес ва Эвондер Лян иштирок этади.

Эвондер Ляндан ташқари барча иштирокчилар 2700 рейтинг чегарасидан ўтган ёки аввал бу кўрсаткичга эришган шахматчилар ҳисобланади. Турнир иштирокчилари эълон қилинган пайтда Синдаровнинг классик рейтинги 2777 ни ташкил этган ва бу уни мусобақанинг энг кучли иштирокчилари қаторига киритган.

Турнир аввалида иштирокчилар бир даврали рапид мусобақасида 25 дақиқалик вақт назорати ва ҳар бир юриш учун 10 сония қўшимча вақт билан 9 та партия ўтказади. Шундан сўнг икки даврали блиц баҳслари бўлиб ўтади ва шахматчилар 5 дақиқа ҳамда ҳар бир юриш учун 2 сония қўшимча вақт назоратида яна 18 та партия ўйнайди.

Рапид баҳсларида ғалаба учун 2 очко, дуранг учун эса 1 очко берилади. Блицда эса ғалаба 1 очко, дуранг 0,5 очко билан баҳоланади. Шу боис рапид партиялари икки баробар аҳамиятга эга. Бироқ 18 та блиц баҳси кўпинча мусобақа жадвалидаги вазиятни тубдан ўзгартириб юборади.

Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 200 минг долларни ташкил этади. Ғолиб 50 минг доллар билан тақдирланади. Мусобақалар 31-июлдан 7-августга қадар давом этади.

Рапид ва блиц мусобақалари тугаши билан шахматчилар классик вақт назоратидаги баҳсларга киришади. 8−21-август кунлари бўлиб ўтадиган Синкфилд кубоги Гранд Чесс Тоурнинг сўнгги асосий босқичи бўлиб, финал олдидан рейтинг очколарини жамғариш учун охирги имконият ҳисобланади.

Турнирда Фабиано Каруана, Винсент Каймер, Аниш Гири, Алиреза Фирузжа, Максим Ваше-Лаграв, Жавоҳир Синдаров, Уесли Со, Рамешбабу Праггнанандҳа, Ёрден ван Форест ҳамда махсус таклифнома олган Левон Аронян иштирок этади.

Иштирокчилар тўққиз партиядан иборат бир даврали мусобақада куч синашади. Турнирнинг мукофот жамғармаси 475 минг доллар, ғолиб эса 100 минг долларга эга бўлади.

Классик вақт назоратидаги ушбу турнир Синдаров учун алоҳида аҳамиятга эга, чунки у айнан шу форматда мавсумдаги энг катта ютуқларига эришди — Номзодлар турнирида ғолиб чиқди ва Бухарестдаги Гранд Чесс Тоур босқичида учинчи ўринни эгаллади.

Бироқ бу сафар унга рапид ва блицдаги 27 партиядан кейин деярли ҳордиқсиз классик баҳсларга киришишга тўғри келади. Шу боис Америкадаги бутун мусобақалар давомида барқарор ўйин намойиш этиш алоҳида аҳамият касб этади. Биргина омадсиз турнир финал имкониятини йўққа чиқариши мумкин бўлса, муваффақиятли иштирок шахматчини бир неча поғона юқорига кўтариши мумкин.

Гранд Чесс Тоур сериясининг энг яхши тўрт нафар доимий иштирокчиси 21−28-август кунлари Сент-Луисда ўтадиган финалда ўзаро баҳс олиб боради. Финалнинг мукофот жамғармаси 450 минг долларни ташкил этади.

Мусобақа плей-офф тизимида ўтказилади. Ҳар бир учрашув икки классик, икки рапид ва тўртта блиц партиясидан иборат бўлади.

Финалда классик партиядаги ғалаба учун 6 матч очкоси, рапидда 4, блицда эса 2 очко берилади. Дуранг ҳолатида эса мос равишда 3, 2 ва 1 очкодан ёзилади. Агар саккиз партиядан кейин ҳисоб 14:14 бўлса, ғолиб қўшимча тай-брейк орқали аниқланади.

Гранд Чесс Тоур ғолиблиги ҳар қандай гроссмейстер учун фаолиятидаги энг йирик ютуқлардан бири бўлиши мумкин. Бироқ бундан аввал финалга чиқиш учун саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиш талаб этилади.

Бунинг учун Жавоҳир Синдаров сериянинг энг мураккаб босқичини босиб ўтишига тўғри келади: 27 та рапид ва блиц, 9 та классик партия, шунингдек, финал учун курашдаги асосий рақибларига қарши баҳслар. Тўртинчи ўриндан тўрт очко ортда турганига қарамай, Синдаровнинг финалга чиқиш имконияти ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.

javohir sindarovgrand chess tourshaxmatsent-luissinkfild kubogirapid shaxmatblits shaxmatnomzodlar turniri