Маҳаллий

Шавкат Мирзиёев Қатар амири билан учрашиб, таъзия билдирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатарнинг собиқ Амири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Сонийнинг вафоти муносабати билан таъзия билдириш учун ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Лусаил саройида давлатимиз раҳбари Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашди. Мулоқот...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатарнинг собиқ Амири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Сонийнинг вафоти муносабати билан таъзия билдириш мақсадида ушбу мамлакатга ташриф буюрди.

Лусаил саройида давлатимиз раҳбари Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашди.

Мулоқот давомида Президентимиз Қатар Амирига отаси – собиқ Амир Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Сонийнинг вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди.

Шайх Ҳамад Ол Соний Ҳазратлари Қатар Давлати эришган кўплаб тарихий ютуқлар, улкан бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги жадал ислоҳотлар ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ортишига катта ҳисса қўшган сиёсат арбоби сифатида таъкидланди.

Шунингдек, уларнинг мамлакатларимиз ўртасидаги яқин дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашдаги самарали меҳнатлари алоҳида эътироф этилди.

Президентимиз Қатар бугунги кунда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим рол ўйнаётганини, шунингдек, халқаро майдонда катта таъсирга эга бўлган «Доҳа овози» пайдо бўлганини таъкидлади.

Икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали алоқаларни янги босқичга кўтариш ва долзарб халқаро ҳамда минтақавий масалаларни муҳокама қилдилар.

Қатар Амири Ўзбекистон Президентига ушбу синовли дамларда шахсан ташриф буюриб, билдирган самимий ҳамдардлиги ва дўстона қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Учрашув якунида Ўзбекистон раҳбари Қатар Амирини ўзига қулай бўлган вақтларда мамлакатимизга ташриф буюришга таклиф этди.

qatarshavkat mirziyoyevstrategik sheriklikdiplomatiyata'ziyashayx hamad bin xalifamintaqaviy masalalarxalqaro aloqalar