Маҳаллий

Президент Тоскана вилояти билан ҳамкорлик салоҳиятини юқори баҳолади

Бугун, 14-июл куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатга амалий ташриф билан келган Италиянинг Тоскана вилояти губернатори Эуженио Жани бощилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, айниқса савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, ҳудудлараро...

Президент Тоскана вилояти билан ҳамкорлик имкониятларини юқори баҳолади

Бугун, 14-июл куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Италиянинг Тоскана вилояти губернатори Эуженио Жани бощилигидаги делегацияни амалий ташриф билан қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, айниқса савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида кўрсатилди.

Томонлар сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланаётганини таъкидлади. Жорий йил бошидан ўзаро савдо айланмаси 25 фоизга ошгани қайд этилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Италиянинг етакчи компаниялари иштирокида металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати ва бошқа соҳаларда бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон ва Тосканани кўп асрлик тарихий ва маданий алоқалар боғлаб туриши алоҳида таъкидланди. Буюк Ипак йўли даврида Флоренсия билан Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар ўртасида фаол савдо муносабатлари ўрнатилган, флоренсиялик савдогар ва дипломатлар Амир Темур саройида қабул қилинган.

Ҳозирда Тошкент шаҳрида Пиза университетининг филиали фаолият юритмоқда ва жорий йилда унинг илк битирувчилари меҳнат бозорига кириб келади. Шунингдек, Прато шаҳрида Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари савдо уйи фаолият кўрсатмоқда. 2024-йилда эса Флоренсиядаги машҳур Уффици галереясида ўзбек авангард санъати намуналари кўргазмаси ўтказилиши режалаштирилган.

Президент Тоскана вилояти билан тўқимачилик, чарм-поябзал, озиқ-овқат ва заргарлик саноати, қурилиш, таълим, маданият ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Музокараларда Тоскана ва Бухоро вилояти ўртасида шериклик муносабатлари ривожланаётгани ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзолангани ижобий баҳоланди.

Учрашув якунида Тоскана вилояти ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.

o‘zbekistoninvestitsiyamadaniyatstrategik sheriklikhamkorliksavdoitaliyatoskana