Сенат кредит хизматлари рекламасида огоҳлантириш бўлишини назарда тутувчи қонунни маъқуллади

Сенат кредит хизматлари рекламаларида огоҳлантиришлар бўлишини назарда тутувчи қонунни тасдиқлади.
Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида кредит-молия ва суғурта хизматлари рекламаларига қўйиладиган талаблар кучайтирилиши таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг ялпи мажлисида “Реклама тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун муҳокамаси чоғида маълум қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда суғурта хизматлари ҳамда кредит-молия масалаларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли ва тадбиркорлар учун қўшимча енгилликлар яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Янги ўзгартиришлар аҳолининг, жумладан, тадбиркорларнинг суғурта бўйича саводхонлигини оширишга қаратилган ахборот-тарғибот ишларини кучайтиришни ҳам кўзда тутади. Қонунга кўра, суғурта саводхонлигини оширишга қаратилган ахборот ижтимоий ахборот таркибига киритилади. Бу орқали суғурта хизматлари бўйича аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган материалларни кенгроқ тарғиб қилиш имконияти яратилади.
Шунингдек, молиявий хизматлар рекламасига истеъмолчилар учун муҳим бўлган огоҳлантириш киритиш талаби белгиланмоқда. Унга кўра, кредит маҳсулотлари рекламасида ўз тўлов қобилиятини тўғри баҳоламаслик ва қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида маълумот бўлиши керак. Бундан ташқари, тегишли соҳалардаги ваколатли органлар ҳам ижтимоий ахборот реклама берувчилари қаторига киритилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур ўзгартиришлар аҳолининг суғурта хизматларига бўлган ишончини ошириш, шунингдек, кредит олиш билан боғлиқ молиявий хатарлар ҳақида фуқаролар ва тадбиркорларнинг хабардорлигини кучайтиришга хизмат қилади. Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
17-март куни Қонунчилик палатаси депутатлари кредит рекламаларида унинг оқибатлари ҳақида огоҳлантиришлар бериш мажбуриятини жорий этиш кўзда тутилган қонунни иккинчи ўқишда қабул қилганди. Қонун лойиҳаси молиявий хизматлар рекламасини янада тартибга солиш, аҳолининг кредит билан боғлиқ хатарлар ҳақидаги хабардорлигини ошириш, масъулиятли қарз олиш маданиятини шакллантиришни назарда тутади.

