Саёҳат, муҳаббат ва саргузашт: ёзда томоша қилиш учун 10 та филм

Саёҳат, севги ва саргузашт: ёзда кўриш учун 10 та филм
Ёз фасли одатда таътил, саёҳатлар ва унутилмас саргузаштлар билан боғлиқ. Агар таътилга чиқиш имкони бўлмаса ҳам, қуйидаги филмлар сизга ёзнинг илиқ кайфиятини ҳис қилиш ва бир неча соатга бўлса-да, кундалик ташвишлардан узоқлашишга ёрдам беради.
**“Жульеттага мактублар” (2010)**
Режиссёр: Гари Виник
Ролларда: Аманда Сайфрид, Кристофер Иган, Ванесса Редгрейв, Гаел Гарсиа Бернал
Ёш америкалик Софи Италиянинг Верона шаҳрига саёҳат қилади. У Жульетта уйининг деворларига қолдирилган минглаб мактублар орасидан 50 йил аввал ёзилган бир мактубни топиб олади. Бу воқеа қизни шу қадар таъсирлантирадики, у мактуб муаллифи – инглиз аёли Клерни топиб, уни Италияга таклиф қилади. Клер йўқотган севгисини излаш учун йўлга чиқади, бу саргузашт эса Софининг ўз ҳаётини ҳам бутунлай ўзгартиради.
**“Истеъдодли мистер Рипли” (1999)**
Режиссёр: Энтони Мингелла
Ролларда: Метт Деймон, Жуд Лоу, Гвинет Пелтроу, Филип Сеймур Хоффман
Филм Италиянинг денгиз бўйидаги шаҳарларида кечадиган воқеалар орқали ёзнинг жозибасини ва муҳаббатнинг илк туйғуларини намоён этади. Сан-Ремо ва Римдаги гўзал манзаралар фонида ривожланадиган сюжет аста-секин психологик триллерга айланади.
**“Мамма Миа!” (2008)**
Режиссёр: Филлида Ллойд
Ролларда: Аманда Сайфрид, Мерил Стрип, Пирс Броснан, Стеллан Скарсгард, Колин Ферт
Юнон оролларидаги қуёшли муҳитда кечадиган мусиқий комедия АББА гуруҳининг машҳур қўшиқлари билан безатилган. Тўй арафасидаги Софи отасини топиш мақсадида онасининг эски кундалигида учраган уч эркакни оролга таклиф қилади. Натижада кулгили вазиятлар, рақслар ва кутилмаган учрашувларга бой воқеалар бошланади.
**“Йўл четида” (2004)**
Режиссёр: Александр Пейн
Ролларда: Пол Жиаматти, Томас Ҳейден Черч, Виржиния Медсен
Ажрашган вино ишқибози яқин дўсти билан Америкадаги машҳур узумзорлар бўйлаб бир ҳафталик саёҳатга чиқади. Филм Калифорниянинг қуёшли манзаралари, вино маданияти ва дўстлик ҳақида ҳикоя қилади.
**“Рим таътиллари” (1953)**
Режиссёр: Уилям Уайлер
Ролларда: Грегори Пек, Одри Хепберн, Эдди Алберт
Ёш малика Анна расмий ташриф чоғида қироллик мажбуриятларидан чарчаб, Рим кўчаларига яширинча чиқади. У ерда америкалик журналист Жо билан танишади. Биргаликда ўтказилган бир кун уларнинг ҳаётида унутилмас хотиралар қолдиради. Гарчи филмнинг якуни бироз ғамгин бўлса-да, у томошабинда илиқ таассурот уйғотади.
**“Деярли машҳур” (2000)**
Режиссёр: Кемерон Кроу
Ролларда: Патрик Фюжит, Кейт Ҳадсон, Билли Крудап, Френсис Макдорманд
15 ёшли Уилям Миллер Роллинг Стоне журнали учун мақола ёзиш мақсадида ёш рок гуруҳи билан гастрол сафарига чиқади. Мусиқачилар, мухлислар ва шон-шуҳрат ортидаги ҳаёт билан танишар экан, у улғайиш ва катталар дунёсини англай бошлайди.
**“Қаердадир” (2010)**
Режиссёр: София Коппола
Ролларда: Стивен Дорфф, Элле Фаннинг
Машҳур актёр Жонни Марконинг ҳаёти дабдабали меҳмонхоналар ва суратга олиш майдонлари орасида ўтади. Аммо 11 ёшли қизи Клео унинг олдига келгач, ота ва қиз ўртасидаги муносабатлар аста-секин илиқлаша бошлайди. Филм ёлғизлик, оилавий ришталар ва ҳаёт қадри ҳақида ҳикоя қилади.
**“Ҳовуз” (1969)**
Режиссёр: Жак Дере
Ролларда: Ален Делон, Роми Шнайдер, Морис Роне, Жейн Биркин
Жан-Пол ва Марианна Франсиянинг Мовий соҳилидаги виллада дам олаётган пайтда эски дўстининг ташрифи уларнинг осойишта таътилини бузади. Қуёшли ёз фонида рашк, эҳтирос ва яширин зиддиятлар юзага чиқади.
**“Тонг отишидан олдин” (1995)**
Режиссёр: Ричард Линклейтер
Ролларда: Итан Хоук, Жюли Делпи
Америкалик Жесси ва франсиялик Селин Европа бўйлаб кетаётган поездда танишиб қолади. Улар Вена шаҳрида бир кунни бирга ўтказишга қарор қилади. Суҳбатлар, сайрлар ва самимий лаҳзалар давомида улар бир-бирини узоқ йиллик танишлардек англай бошлайди. Филм романтик жанрнинг энг ёрқин намуналаридан бири бўлиб, томошабинда янги саргузаштларга отланиш истагини уйғотади.

