Лайфстайл

Ҳаммаси ёз ҳақида: дам олиш кунлари томоша қилиш учун энг яхши 5 та мултфилм

Ёз ҳақида: дам олиш кунлари кўриш учун энг яхши 5 та мултфилм

Ёзги дам олиш кунларини мароқли ўтказиш учун яхши мултфилм томоша қилиш ҳам ажойиб танлов бўлиши мумкин. Саргузашт, кулгу, дўстлик ва оила қадриятларини ўзида мужассам этган ушбу анимацион филмлар нафақат болалар, балки катталарга ҳам ёқади. Қуйида ёзги кайфият улашадиган энг яхши бешта мултфилм билан танишинг.

**“Лука”**

Баъзи мултфилмларни томоша қилгач, телефонни ўчириб, денгиз бўйига саёҳатга чиқишни хоҳлаб қоласиз. “Лука” ана шундай асарлардан бири. Денгиз шабадаси, музқаймоқ таъми ва беғубор ёзги таътил кайфиятига бой бу ҳикоя аслида чин дўстлик, жасорат ва ўз орзулари ортидан бориш ҳақида.

Лука билан бирга томошабин ҳам оддий нарсалардан қувонишни, номаълумликдан қўрқмасликни ва энг муҳим кашфиётлар илк қадамни ташлаганда бошланишини англайди.

**“Тарзан”**

Фил Коллинз ижро этган машҳур саундтрек янграши билан томошабин ўзини тропик ўрмонлар бағрида ҳис қилади. Гориллалар қўлида улғайган Тарзан одамлар билан учрашгач, икки олам орасида танлов қилишга мажбур бўлади.

Мултфилм ўзлигини англаш, оила, муҳаббат ва ички куч ҳақида таъсирли ҳикоя қилади. Ёрқин анимация, динамик саҳналар ва унутилмас мусиқа уни қайта-қайта томоша қилишга арзийдиган картинага айлантирган.

**“Императорнинг саргузаштлари”**

Эркатой император бир лаҳзада ламага айланиб қолади ва шу воқеадан Диснейнинг энг кулгили саргузаштларидан бири бошланади.

Ҳазиллар, кутилмаган вазиятлар ва ёрқин қаҳрамонлар билан бойитилган мултфилм нафақат кулдиради, балки манманлик ўрнини самимият эгаллаши, тасодифий ҳамроҳ эса ҳақиқий дўстга айланиши мумкинлигини ҳам кўрсатади.

**“Элементар”**

Олов ва сув бир-бирига мутлақо зиддек туюлса-да, бу мултфилм уларнинг чин дўст ва ҳамкор бўлиши мумкинлигини намойиш этади.

Турли унсур вакиллари яшайдиган шаҳарда олов қизи Эмбер ва хотиржам Уейднинг танишуви оила, муҳаббат, орзулар ва ҳаётдаги ўз ўрнини топиш ҳақидаги таъсирли воқеага айланади.

**“Лило ва Стич”**

Гавайи оролларининг ёрқин манзаралари ортида оила ва меҳр ҳақида илиқ ҳикоя яширинган.

Ёлғиз қизалоқ Лило ҳаётига тасодифан тушиб қолган ғалати космик мавжудот Стич дастлаб фақат тартибсизлик келтиради. Бироқ вақт ўтиши билан улар бир-бирига энг яқин инсонларга айланади.

Мултфилм гавайича “оҳана” — “оила” тушунчасининг асл маъносини очиб беради: ҳақиқий оила сени қандай бўлсанг, шундай қабул қилади ва оғир дамларда ҳеч қачон ёлғиз қолдирмайди.

animated filmsmovie recommendationsdisney+friendshipadventuresummer entertainmentfamily filmspixar