Дунё

Саудия мудофаа пакти имзолаганидан икки кун ўтиб ҳусийлар қиролликнинг нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди

Саудия Арабистони мудофаа пактини имзолаганидан икки кун ўтиб, ҳусийлар қиролликнинг нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди.

Яман ҳусийлари 9-август куни Саудия Арабистонининг Жизан шаҳридаги Сауди Арамсо нефтни қайта ишлаш заводига дрон ҳужуми уюштирганини маълум қилди. Бу ҳужум Саудия Арабистони Туркия ва Покистон билан мудофаа келишувини имзолаганидан икки кун ўтиб содир бўлди. Бу ҳақда Реутерс хабар берди.

Ҳусийларнинг ҳарбий вакили Яҳё Сарийнинг баёнотига кўра, зарба Жизандаги нефтни қайта ишлаш заводига берилган. Саудия Энергетика вазирлиги эса завод ҳудудида ёнғин чиққанини, бироқ у тезда ўчирилганини билдирди. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Вазирлик ёнғиннинг келиб чиқиш сабабини ошкор қилмади. Ҳозирда тегишли идоралар ҳодиса юзасидан тергов олиб бормоқда.

Жизан шаҳридаги завод Саудия Арабистонининг жануби-ғарбида, Яман чегараси яқинида жойлашган бўлиб, кунига 400 минг баррелгача хом нефтни қайта ишлаш қувватига эга. Корхонада бензин ва дизел ёқилғиси ишлаб чиқарилади.

**Завод аввал ҳам ҳужумга учраган**

ИИР консалтинг компанияси маълумотларига кўра, Арамсо 27-июл куни Жизан нефтни қайта ишлаш заводининг фаолиятини тўхтатган. Бунга ҳусийларнинг аввалги ҳужуми сабаб бўлган. Ўша ҳужум натижасида заводнинг интеграциялашган газлаштириш ва комбинацияланган сикл тизими (ИГСС) ҳамда нефт маҳсулотлари сақланадиган резервуарлар ҳудуди зарар кўрган.

Ҳусийлар бундан аввал ҳам Жизандаги Арамсо обьектларига, шунингдек, Қизил денгиз соҳилидаги Янбу шаҳрига ҳужумлар уюштирган.

9-август куни ҳусийлар Яман соҳилидаги Муҳо шаҳрига ҳам ракета ва дрон зарбалари берилганини маълум қилди. Тарихий порт шаҳри Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланадиган ва халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Адан ҳукуматига бўйсунади.

Яман ҳукуматининг уч манбаси Реутерс агентлигига ҳусийлар томонидан портдаги тижорий бандаргоҳ ва омборларга учирилган дронларни ҳаво мудофааси тизимлари нишонга олганини билдирган.

Ҳусийлар вакили зарбалар ҳудуддаги Саудия қўшинлари ва қурол-яроғ омборларига қарши қаратилганини айтди. Саудия томони Яман ҳудудидаги ҳужумларга ҳозирча изоҳ бермаган.

**Саудия, Туркия ва Покистон мудофаа иттифоқи тузди**

Ҳусийларнинг навбатдаги ҳужуми Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон мудофаа келишувини имзолаганидан икки кун ўтиб содир бўлди.

7-август куни Макка шаҳрида уч давлат "Макка қўшма мудофаа келишуви"ни имзолаган. Унга кўра, томонлардан бирига қуролли ҳужум уюштирилса, бу учала давлатга қарши ҳужум сифатида баҳоланади. Келишувнинг мақсади ҳар қандай тажовузга қарши жамоавий тийиб туриш имкониятларини кучайтиришдан иборат.

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан келишув Эрон ёки бошқа бирор давлатга қарши қаратилмаганини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, уч давлатга ҳужум қилинган тақдирда қандай кўламда ва қандай шаклда ёрдам кўрсатилиши маслаҳатлашувлар орқали белгиланади.

Шу сабабли ҳозирча Туркия ёки Покистон Саудия Арабистонига қарши сўнгги ҳужумларга қандай жавоб беришда иштирок этиши номаълум.

Реутерс маълумотларига кўра, янги келишув АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчилари бўлган уч давлатнинг минтақадаги хавфсизлик ва мудофаа ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган.

**Ҳусийлар Саудия Арабистонига денгиз блокадаси эълон қилган**

Ҳусийлар ўтган ой Қизил денгизда Саудия Арабистонига қарши денгиз блокадаси эълон қилган эди. Гуруҳ буни Саудия Арабистонининг Яманга нисбатан "қамал" сиёсати билан изоҳлаган. Ал-Риёд эса бу айбловни рад этмоқда.

Сўнгги ҳафталарда ҳусийлар Саудия Арабистонининг энергетика инфратузилмаси ва нефт ташувларига қарши ҳужумларини кучайтирди. 5-август куни гуруҳ Қизил денгиздаги Янбу порти яқинида Саудия нефт танкерига, шунингдек, Адан қўлтиғидаги яна бир Саудия танкерига ракета ҳужуми уюштирганини билдирган. Саудия Арабистони бу ҳужумларни тасдиқламаган.

6-август куни эса Саудия расмийлари мамлакат шимол ва жанубдан Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган кучларнинг мувофиқлаштирилган ҳужумларига дуч келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Саудия, АҚШ ва бошқа минтақавий давлатларнинг разведка маълумотларига кўра, ҳужумлар энергетика обьектлари, портлар ва аеропортлар каби муҳим фуқаролик ва иқтисодий инфратузилмаларга қаратилиши мумкинлиги айтилган.

**Арамсо ҳужумларнинг таъсирини баҳолади**

Сауди Арамсо бош директори Амин Носир аввалроқ компания обьектларига берилган сўнгги ҳужумлар айрим ишлаб чиқариш жараёнларида узилишларга сабаб бўлганини билдирган. Бироқ у операциялар тезда тикланишига ишончи комил эканини айтган.

Унинг таъкидлашича, ҳужумлар компаниянинг фаолияти ёки молиявий кўрсаткичларига жиддий таъсир кўрсатмаган.

Минтақадаги кескинлашув глобал энергия таъминотидаги узилишларга ва жаҳон иқтисодиётидаги хавотирларнинг кучайишига олиб келмоқда. Саудия Арабистонининг Туркия ва Покистон билан мудофаа келишувини тузиши ҳам айнан минтақадаги хавфсизлик вазиятининг кескинлашуви фонида юз берди.

pokistonneft zavodiyamanhusiylarsaudiya arabistonimudofaa paktiaramcoturkiya