Ҳусийлар ҳукумат кучларига қарши ракеталар учирди, камида 30 киши ҳалок бўлди

Ҳусийлар ҳукумат кучларига ракета ҳужумлари уюштирди, камида 30 киши ҳалок бўлди
Ямандаги ҳусий исёнчилари Ҳадрамавт ва Мариб вилоятларидаги ҳарбий лагерларга ракета зарбалари бериши оқибатида ҳукумат кучларининг камида 30 нафар аскари ҳаётдан кўз юмди, 15 нафари жароҳатланди. Бу ҳақда ҳукумат манбалари Ал Жазеера телеканалига маълум қилди.
6-август куни содир бўлган ушбу ҳужумлар, жумладан, Яман Фавқулодда кучлари бошқарадиган лагерларга берилган зарбалар фуқаролар урушида сўнгги йиллардаги энг қонли тўқнашувга айланди. Бу сўнгги ҳафталарда авж олган зўравонликларнинг давомидир. Ҳусийлар ҳарбий вакили Яҳё Сарий ракета ва дронлар ёрдамида уюштирилган ҳужумлардан юзлаб одам азият чекканини айтди.
Яман ҳарбийлари ҳужумларни тасдиқлади ва буни ҳусийларга қарши уюштирилган ҳарбий амалиётларга жавоб деб баҳолади. Яман ҳарбий манбаларининг билдиришича, ҳусийлар Марибнинг шимолидаги Ал-Жавф вилоятидан саккизта ракета учирган. Зарбалар Ҳадрамавтдаги Ал-Тҳиния ва Ал-Абр ҳамда Марибдаги Ар-Рук ҳудудларига берилган. Манбалар қурбонлар сони янада ортишини таъкидламоқда.
Тўрт йиллик нисбатан тинч даврдан сўнг, Эрон томонидан дастакланувчи ҳусийлар ва Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаётган ҳукумат кучлари ўртасидаги жанглар сўнгги ҳафталарда кескинлашди. Ҳусийлар, шунингдек, Саудия Арабистонига нисбатан денгиз блокадасини эълон қилган ва Яманнинг шимолий қўшнисига алоқадор кемаларга ҳужум қилмоқда.
Ямандаги сўнгги уруш 2014-йилда, ҳусийлар пойтахт Санани эгаллаб олгач бошланган эди. 2015-йили Саудия бощилигидаги коалициянинг ҳарбий аралашуви бошланди, бироқ у ҳусийларни тўлиқ мағлуб эта олмади.
**Ҳужумларнинг ортиши**
Сарийнинг айтишича, пайшанба кунги ҳужум Саудия қўллаб-қувватлаётган ҳукумат кучларининг “низони кучайтириш мақсадида ҳарбий куч тўплашидан” сўнг содир бўлди.
Сўнгги ҳафталарда ҳусийлар ҳам, ҳукумат ҳам ўз кучларини сафарбар қилди. Яман ғарби ва марказида тўқнашувлар юз берди. Кескинлик бир ой муқаддам, Сана аеропортига Эрон самолёти қўнишига тўсқинлик қилинганидан сўнг ортган эди.
13-июл куни Яман ҳукумати бошқа бир Эрон самолёти қўнишининг олдини олиш учун Сана аеропортига зарба берганини маълум қилди. Ҳусийлар бунга жавобан Саудия Арабистонининг Абҳа аеропортига ҳужум уюштирди. Ар-Риёд ушбу ҳужум қайтарилганини билдирди.
Шундан сўнг, 20-июл куни ҳусийлар Саудия Арабистонига денгиз блокадаси эълон қилди ва кейинги кунларда Қизил денгизда Саудияга алоқадор кемаларга ҳужум қила бошлади. Дунёдаги энг гавжум денгиз йўлларидан биридаги бу ҳужумлар АҚШ ва Эрон уруши Арабистон яриморолининг бошқа тарафидаги Ҳормуз бўғозини амалда ёпиб қўйган ҳамда нефт ва энергия экспортини издан чиқарган бир пайтга тўғри келди.
Шундан бери Саудия бощилигидаги коалиция Яман ғарбидаги ҳусий нишонларига зарбалар берди. Бу 2022-йилдан беридаги биринчи шундай амалиёт бўлди. Ҳусийлар Ар-Риёдга қарши денгиз блокадасини Яман бўйлаб ўзлари назорат қиладиган ҳудудларга нисбатан қўлланилаётган “Саудия қамалига” жавоб деб баҳоламоқда.

