Саргузашт, триллер ва мистика: томоша қилишга арзийдиган 5 сериал

Саргузашт, триллер ва мистика: томоша қилишга арзийдиган 5 сериал
Сўнгги пайтларда кўплаб янги сериаллар экран юзини кўрмоқда, бироқ уларнинг барчаси ҳам томошабин эътиборига лойиқ эмас. Қуйида сюжети, актёрлар таркиби ва жанри билан ажралиб турадиган бешта янги сериални тавсия қиламиз.
**“Лаки”**
**Жанри:** триллер, драма, криминал
Фото: Сериалдан кадр
Собиқ фирибгар Лаки кутилмаган вазият сабаб яна жиноят оламига қайтишга мажбур бўлади. Сўнгги йирик ўғирликдан кейин янги ҳаёт бошлашни режалаштирган қаҳрамоннинг режаси барбод бўлади. Энди уни бир вақтнинг ўзида ҳам ФҚБ, ҳам хавфли жиноятчилар таъқиб қилади.
Сериал кўплаб таъқиблар, кутилмаган бурилишлар ва кескин воқеаларга бой. Бош ролларни Аня Тейлор-Жой, Тимоти Олифант, Аннетт Бенинг ва Дрю Старки ижро этган. Лойиҳа Марисса Стейплининг шу номли бесцеллери асосида суратга олинган.
**“Даштдаги кичкина уй”**
**Жанри:** драма, мелодрама, оилавий, вестерн
Фото: Сериалдан кадр
Инглиз оила Висконсин ўрмонларини тарк этиб, даштга кўчиб ўтади. Оила бошлиғи Чарлз ва унинг рафиқаси Каролина янги ҳаёт қуришга уринаркан воқеалар асосан уларнинг қизлари Мери ва Лоранинг нигоҳи орқали ҳикоя қилинади.
Сериал оилавий қадриятлар, саргузашт ва тарихий воқеаларни уйғунлаштирган бўлиб, ортиқча зўравонликсиз илиқ муҳит яратади.
**“Вестис”**
**Жанри:** драма, криминал, триллер
Фото: Сериалдан кадр
1980-йиллар. Ню Ёркда қурилиш ишлари бошланиши билан ирландиялик “Вестис” жиноий гуруҳи ҳудудни ўз назоратида сақлаб қолишга уринади. Бироқ ички низолар ва италян мафияси билан қарама-қаршилик вазиятни янада мураккаблаштиради.
Реал воқеаларга асосланган сериал “Нарко” ва “Гарлем чўқинтирган отаси” сериаллари устида ишлаган Крис Бранкато ҳамда режиссёр Алан Тейлор иштирокида суратга олинган. Актёрлар таркибида Ж. К. Симмонс ҳам бор.
**“Парчалар”**
**Жанри:** триллер, драма, детектив, даҳшат
Фото: Сериалдан кадр
1981-йил, Лос Анжелес. Нуфузли мактабда таҳсил олаётган ўсмирларнинг ҳаёти янги ўқувчи келиши билан ўзгаради. Айни пайтда шаҳарда сирли қотилликлар бошланади ва бош қаҳрамон янги синфдошини асосий гумондор деб ҳисоблайди.
“Америкача даҳшат тарихи” ва “Монстрлар” сериаллари муаллифи Раян Мёрфи суратга олган лойиҳа 1980-йиллар услубидаги визуал ечимлари ва кескин сюжети билан эътиборни тортади.
**“Тонгун саройи”**
**Жанри:** фентези, драма, детектив, триллер
Фото: Сериалдан кадр
Чосон қироллик оиласида яна сирли ўлимлар бошланади. Сўнгги валиаҳдни сақлаб қолиш учун саройга руҳлар оламига кира оладиган ёш шаман олиб келинади. Унга арвоҳларни эшита оладиган сургундаги малика ёрдамчи этиб тайинланади.
Қаҳрамонлар сарой сирларини очишга уринаркан нафақат ёвуз руҳлар, балки хавфли фитналар билан ҳам юзма-юз келади. Корея мифологияси ва мистик воқеаларни уйғунлаштирган ушбу минисериал саккиз қисмдан иборат.

