Маҳаллий

«Сан ман билан ўйнадингми, давлат билан?!» – Қашқадарёда амалдор фуқарога таҳдид қилди

Маҳаллалар уюшмаси Косон тумани бўлими бошлиғи Убайдулла Очилов фуқаро билан тортишувда ўзини давлат билан тенглаштириб, уни ҳақоратлади ва «оёғимнинг тагига оламан», дея таҳдид қилди. Kun.uz манбасига кўра, можаро фуқародан кўчага тўкилган қумни олиб ташлаш талаб қилинганидан кейин келиб чиққан. Ҳолатга Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси муносабат билдирди.

Қашқадарёда амалдор фуқарога таҳдид қилди: «Сен мен билан ўйнадингми, давлат билан?!»

Ижтимоий тармоқларда давлат идораси масъули ва фуқаро ўртасидаги тортишув акс этган видео тарқалди. Кадрларда мансабдор шахс уни видеога олаётган фуқарога қўпол муомала қилиб, таҳдидли сўзлар айтаётганини кўриш мумкин.

«Сен мен билан ўйнадингми? Икки марта видеога ол, к..ингни ялпайтирмасам, кўрасан сен. Сен мен билан ўйнадинг-а, давлат билан?! Тўхта, сени оёғимнинг тагига оламан! У замонинг ўтиб кетди, ўн марта видеога ол», - дейди амалдор.

Маълум бўлишича, видеодаги мансабдор Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Косон тумани бўлими бошлиғи Убайдулла Очилов бўлган.

Kun.uz манбасига кўра, ҳолат 2026 йил 28 июл куни Очилов фуқародан кўчага тўкилган қумни олиб ташлашни талаб қилган вақтда содир бўлган. Томонлар ўртасида тортишув келиб чиққач, бўлим бошлиғи қўпол муомалага ўтиб, фуқарони ҳақоратлаган ва унга таҳдид қилган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси расмий муносабат билдирди. Уюшма Очиловнинг видеода акс этган муомаласи ва сўзлашув услуби давлат хизматчиси одоб-ахлоқ меъёрларига мутлақо зид эканини таъкидлаб, бундай хатти-ҳаракатларни қатъиян қоралади.

«Ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказиш учун ищи гуруҳ тузилди. Ўрганиш якунлари бўйича ходимнинг хатти-ҳаракатларига қонунчилик доирасида ҳуқуқий баҳо берилади ҳамда тегишли чоралар кўрилади», - дейилади расмий муносабатда.

uzbekistanqashqadaryocitizen videoinvestigationofficial threatsofficial misconductmahalla associationethics violation