Маҳаллий

Самарқанд шаҳри кенгайтирилади, Самарқанд тумани тугатилади

Самарқанд шаҳри таркибига 17 226,5 гектар ер майдони қўшилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, маъмурий-ҳудудий бошқарувни оптималлаштириш мақсадида Самарқанд туманини тугатиш ва 28 295 гектар ер майдонини Тойлоқ туманига ўтказиш режалаштирилмоқда.

Самарқанд шаҳри кенгайтирилиши ва Самарқанд туманининг тугатилиши ҳақидаги масала Сенатнинг ялпи мажлисида кўриб чиқилди. Ушбу мажлисда Самарқанд вилоятининг Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ҳамда Самарқанд шаҳрининг чегараларини ўзгартириш масаласи муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, Самарқанд шаҳрининг ҳудудини кенгайтириш, унинг инвестицион ва туристик жозибадорлигини ошириш, иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш, юқори технологияли саноат ва замонавий хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш мақсадида Сенат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Ушбу лойиҳага кўра, Самарқанд шаҳрига 17 226,5 гектар ер майдони қўшилиши кўзда тутилган. Шунингдек, маъмурий-ҳудудий бошқарувни оптималлаштириш мақсадида Самарқанд туманини тугатиш ва унинг 28 295 гектар ер майдонини Тойлоқ туманига ўтказиш режалаштирилмоқда.

Сенаторлар ўз нутқларида ушбу масаланинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, шаҳар аҳолиси сони 880 мингга етиб, "аҳолиси бир миллион бўлган шаҳар" мақомига яқинлашиши, янги ер майдонларида кичик саноат зоналари, технопарклар ва юқори технологияли корхоналар ташкил этилиши, хизмат кўрсатиш, туризм ва қурилиш соҳаларида минглаб янги иш ўринлари яратилиши қайд этилди.

Айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларини сақлаб қолиш ва экологик мувозанатни таъминлаш масаласига алоҳида урғу берилди. Ўтказилаётган 6 263 гектар ер майдонининг тоифалари ўзгартирилмасдан сақланиб қолиши таъкидланди.

Муҳокамалардан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

turizmiqtisodiy rivojlanishhududiy o'zgarishlarsamarqandekologiyaish o‘rinlariinvestitsiyama'muriy islohot