Самарқанд шаҳри ҳудудига қўшни туманлардан қарийб 17,2 минг гектар ер қўшиб берилади

Самарқанд шаҳрининг майдони кенгайтирилиши муносабати билан унга қўшни бўлган тўртта тумандан жами 17 226,5 гектар ер майдони ўтказилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати маълум қилди.
Ушбу қарор нафақат маъмурий ўзгариш, балки шаҳарнинг келажакдаги ривожланиши учун муҳим стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда. Шаҳар таркибига ўтказилаётган ерлар қуйидаги туманлар ҳиссасига тўғри келади:
* Самарқанд тумани — 13 308 гектар;
* Оқдарё тумани — 1410,6 гектар;
* Тойлоқ тумани — 1265,6 гектар;
* Паст Дарғом тумани — 1242,3 гектар.
Чегараларнинг қайта кўриб чиқилиши аҳолини узоқ вақтдан бери қийнаб келган кадастр ва коммунал хизматлардаги муаммоларга барҳам беради. Масалан, илгари 4 йўлакли турар жой биносининг иккита йўлаги Самарқанд туманига, қолган иккитаси эса шаҳар ҳудудига тегишли бўлиб қолиши оқибатида кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда ёки туманда жойлашган уйнинг коммунал хизматларни бошқа ҳудуддан олишида кўплаб чалкашликлар юзага келган. Янги лойиҳа айнан шундай муаммоларни бир йўла ҳал этиши таъкидланган.
Шунингдек, шаҳарга янги қўшилган ҳудудларни марказ билан самарали боғлаш ва ички йўллардаги тирбандликларни камайтириш чоралари кўрилмоқда. Транспорт вазирлиги томонидан транспорт оқимини тўғри тақсимлаш ва аҳолига қулай жамоат транспортини яратиш мақсадида илгари ишлаб чиқилган транспорт мастер режаси такомиллаштирилаётгани маълум қилинди.
Аввалроқ Самарқанд шаҳрининг ҳудудини ҳозирги 11,2 минг гектардан 28,4 минг гектаргача ошириш режалаштирилаётгани ҳамда Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилаётгани хабар қилинган эди.

