Маҳаллий

“Саккиз қатор шеърим бошимга саккизта бомба бўлган”. Абдулла Ориповни сиёсий айбловлардан асраб қолган воқеа

“Саккиз қатор шеърим бошимга саккизта бомба бўлган”. Абдулла Ориповни сиёсий айбловлардан асраб қолган воқеа

Биз ҳам юксакларга тиккандик кўзни,

Бизда ҳам бор эди матонат, бардош.

Арслон чорлаганди қошига бизни,

Лекин қумурсқалар бўлди сафардош ...

У ким эди? Давлат мадҳиясини ёзган расмий шахсми ёки балкон токчасидан қотиллар ташлаб кетган заҳарни топиб олган нишондаги қурбонми? Шўро минбарларида сўзлаган депутатми ёки тунда чинорлар остида арвоҳлар билан сирлашиб, Қодирий ва Чўлпон руҳига қурбонлик келтирган дарвешми? Қўнғиртов этагидаги чекка қишлоқдан чиққан йигит қандай қилиб бутун бир миллатнинг уйғониш рамзига айланди?

Бу саволларнинг жавоблари унинг шеърлари ва хотираларида, ўқувчи юрагини кутаётган қон томирлари каби қотиб қолган. Ушбу мақолада биз улардан баъзиларини ёритиб берамиз.

**Қўнғиртов этагидан парвоз қилган лочин**

1941-йил 21-мартда Қашқадарёнинг Косон тумани, Некўз қишлоғида жамоа хўжалиги раиси Орифбой Убайдулла ўғли хонадонида кенжа фарзанд дунёга келди. У очиқ кенгликларда, табиатнинг шафқациз ва айни пайтда гўзал қонуниятлари ичида улғайди. Шоирнинг ўзи эътироф этганидек: “Мен ёввойироқ ўсган мева дарахтига ўхшайман. Иссиқхонада ўсмаганман … Шароит тақозо қилмаган”.

1958-йилда мактабни олтин медал билан тамомлаб, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факултетининг журналистика бўлимига ўқишга кирган йигит пойтахт адабий муҳитини шунчаки кузатувчи бўлиб қолмади. Ўша давр адабиётида қолипланган, баландпарвоз ва ҳиссиёциз шеърлар ҳукмрон эди. Мафкурага бўйсуниб ёзилган шеърлар эса қаноциз қущаларга ўхшарди.

Бармоқ билан санарли йирик романлар ва фақат Ғафур Ғулом ёки Ҳамид Олимжон каби устозларнинг бир-иккита шеърларигина намуна сифатида ўқитилаётган, қолипланган муҳит ҳукмрон ўзбек адабиётига 1965-йилда кутилмаганда “Митти юлдуз” урилди.

Халқ ўз дардини айтган ёки унинг кўксида ниманидир уйғотган асарни, албатта қадрлайди, қўллайди. Ўқувчилар ҳам шу турткини қашқадарёлик ёш шоир ше'рларидан олишди.

Булутларга ёндош, осмон остида,

Киприкдаги ёшдай турибди дорбоз.

Қиличнинг дамидай арқон устида,

Кўзларини юмиб юрибди дорбоз.

Одамлар, одамлар, уни олқишланг,

Қаранг, у нақадар эпчил ва ўктам,

Биз-чи, эҳ.. баъзи бир кўзи очиқлар

Эплаб юролмаймиз катта йўлда ҳам!

Адабиёцҳунос Озод Шарафиддинов бу истеъдодни биринчилардан бўлиб илғади ва унга оқ йўл берди. Шоир ўз йўлида Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шайхзода, Ойбек каби улкан зотлардан сабоқ олди. Ойбек домла уни уйига чорлаб, Ёзувчилар уюшмасига аъзолик учун тавсияномани ўз қўли билан тутқазди.

Албатта, буларнинг ҳаммаси бунчалик силлиқ ва тез кечмади...

**Саккиз қатор бомба**

Айтганимдек, ёш, истеъдодли ва ўтли шоир қадамба-қадам чўққига кўтарилар экан, хавф ҳам ортиб борди. Юқорида бўлиш чақмоқларни ўзига тортмай қолмади. 60-йилларнинг охирига келиб, “ёшларни тарбиялаш” ниқоби остида кучли тазьиқлар бошланди.

1967-йил 20-августда Абдулла Орипов ўзи билан бир мактабда ўқиган, ҳамқишлоғи Ҳанифа Мустафоева билан турмуш қуради. Тўйда Эркин Воҳидов, Шукур Холмирзаевлар иштирок этади. Шу тўйда Эркин Воҳидов ўз ғазалини, Абдулла Орипов эса “Ёзажакман” шеърини ўқигани учун қаттиқ назоратга олинади.

Тухумдан чиқди-ю, келтириб уни

Шу лойқа ҳовузча томон отдилар.

Ташландиқ ушоқ еб ўтади куни,

Хор-у хас, хазонлар устин ёпдилар.

Дунёда кўргани шу тор ҳовузча

Ва мудроқ толларнинг аччиқ хазони.

Менга алам қилар, тилла балиқча

Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни…

Шоир қайси мавзуга қўл урмасин, унинг шеърларидан сиёсий хато ахтариш, сиртмоқ тўқиш бошланди. Масалан, юқоридаги “Тилла балиқча” шеъридаги лойқа ҳовуз образини совет тузумига қилинган ишора деб қабул қилишди. Ундан ҳам аввалроқ қистириб ўтганим, “Дорбоз” шеъридаги “кўзи очиқлар эплаб юролмайди катта йўлда ҳам” деган мисралар орқали социалистик жамиятга туҳмат қилинмоқда, деган айбловлар қўйилди.

Шоир ўзи айтганидек, булар сиёсий айблов. Сиёсий айблов қўйилганлар эса ё отилиб, ё қамалиб йўқотиб юбориларди.

Минг йилларким булбул каломи

Ўзгармайди, яхлит ҳамиша,

Аммо шўрлик тўтининг ҳоли,

Ўзгаларга тақлид ҳамиша.

Она тилим, сен борсан, шаксиз

Булбул куйин шеърга соламан,

Сен йўқолган кунинг шубҳасиз

Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.

Энг даҳшатли ҳужум эса мана шу “Она тилимга” шеъри чоп этилганда юз берди. Ижодкорнинг ўзи буни “саккиз қаторлик шеърим бошимга саккизта бомба бўлиб ёғилганди” дея эслайди. Хуллас, ҳаммаси тайёр, айблов бор, ғаразгўйлар етарли, энди қатл қолганди, холос.

Шундай бир вазиятда кескин бурилиш юз берди. Москвадаги семинар вақтида шоир балқор шоири Қайсин Қулиев гуруҳига тушади. Вазиятдан хабар топган Қулиев воситачилигида машҳур рус шоири Александр Твардовский ўзининг либерал қарашлари билан танилган “Новий мир” журналида Абдулла Ориповнинг бир нечта шеърларини эълон қилиб юборади. Бу халқаро эътироф Тошкентдаги қора ниятли кимсаларнинг қўлини боғлаб қўяди ва шоир қамоқдан омон қолади. Улар Москвадан ҳайиқишган эди.

Таҳдидлар фақат маънавий эмас, жисмоний тус ҳам олганди. 1970-йили, шоирнинг қизи Шоира ҳали бир ёшга тўлмаган пайтда, уларнинг балкони райҳон экилган туваги ёнига тунда кучли заҳарли моддалар — чиройли қизил ва сариқ дорилар кўринишида сочиб кетилади. Заҳар Кимё институтида текширилганда, унинг хавфли экани тасдиқланади. Кичик гўдакнинг оғзига тушиши мумкин бўлган бу дорилар орқали суиқасдни англаган ота қандай руҳий азобларни бошидан кечирганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Дейдилар ит ҳурур — ўтади карвон,

Ранж-у балолардан ёнмасин жонинг,

Лекин алам қилар бир умр гирён

Итлар орасидан ўца карвонинг.

**Дантенинг дўзахи ва Наврўз фожиаси**

1970-йилларда Абдулла Орипов жаҳон адабиёти дурдоналаридан бири — Данте Алигьерининг “Илоҳий комедия” асарининг “Дўзах” қисмини ўзбек тилига таржима қилди.

Бу жараён шоир руҳиятига қаттиқ таъсир қилиб, у тушларида қўлига кетмон ушлаб, қабрларни кавлаб, одам суяклари ва каллалари билан суҳбатлашиб чиққанларини эслайди. Ушбу оғир руҳий ва ижодий меҳнат натижасида шоирда “Жаннатга йўл” (1978) драматик достонини ёзиш ғояси ҳам туғилади. Бу достон ҳам осонликча босилмади, уни совет воқелигини бузиб кўрсатишда айблашди, фақат махсус комиссиянинг аралашувидан сўнггина асар омон қолди.

1988-1989-йиллар Ўзбекистонда миллий қадриятларга қилинган энг қора ҳужумлар даври бўлди. Ўзбек тили тақиққа учраб, Наврўз байрами бекор қилинди. Вазият шу даражага етдики, қозонда қайнаётган сумалакларга тупроқ тортилди, суннат тўйлари тақиқланди ва ҳатто жаноза ўқиш ўрнига марҳумларни мусиқа ва доклад билан кўмиш жорий этилди.

Шундай оғир бир пайтда матбуотда Абдулла Орипов номидан “Салом, баҳор!” сарлавҳаси остида Наврўзга қарши сохта мақола эълон қилинади. Ҳақиқатда буни у ёзмаган эди, лекин уни чақиртириб, номидан чиққанини тасдиқлашга мажбур қилишади. Шоир уч нафар акаси ва оиласининг хавф остида қолишидан чўчиб тишини тишига қўйиб бунга ҳам чидайди.

Сен бизни кечиргин эй, Наврўзимиз,

Ғафлатда чалғиди ул кун кўзимиз.

Юзингга шапалоқ тортиб юбордик,

Шўр пахта босамиз энди ўзимиз.

**Мангу мадҳия ва сўнгги изоляция**

Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган тарихий кунларда, Абдулла Орипов воқеалар марказида эди. Ҳатто ўша мустақиллик эълон қилинган мажлисга кетаётганда ҳам бир қадар иккиланиш билан “шоирнинг чўнтагида битта янги шеъри бўлмаса, шоирлиги бекор” деб, кечаси билан ухламай шеър ёзиб олиб боради.

Адолатнинг ҳаётбахш шамоллари елдими,

Ҳақ ниҳоят халқимнинг арзин қабул қилдими.

Неча йиллар орзиқиб кутган кунлар келдими,

Елкамизга офтобнинг текканлиги рост бўлсин,

Ўзбекни ўз ниҳолин экканлиги рост бўлсин...

Шоирнинг яна бир тарихий деса арзигулик хизмати Давлат мадҳияси матнини ёзиши бўлди. У танловда анонимликни сақлаш учун “Қўнғиртовлиқ” тахаллуси остида иштирок этади. Қарийб икки йил давом этган уч босқичли танловда унинг шеърлари ғолиб чиқди. Бастакор Мутал Бурҳонов билан биргаликда сўз ва оҳангни гўзал бирлаштиришади. 1992-йил 10-декабрда мадҳия матни қабул қилинди.

Абдулла Орипов халқ шоири бўлди, бир қатор орденлар, 1998-йилда “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонини, 2015 йилда “Италия юлдузи” ва халқаро “Олтин юлдуз” орденларини олди. Бироқ...

Бир қарасам, бу дунёда бахтим бордай,

Бир қарасам, буткул олам менга тордай.

Бир қарасам, муродимга етгандайман,

Бир қарасам, кўзим очиқ кетгандайман...

Шоирнинг сўнгги йиллари ҳам сокин ва хотиржам кечмади. Умрининг охирги етти йилини у гўёки “уй қамоғи” ҳолатида ўтказди. Барча расмий матбуот, телевидение ва радиодан узиб қўйилди. Орипов шогирдлари ва яқинларига ҳам “менга яқин юрма, қорам сенга ҳам юқади” дея ҳазил аралаш киноялар қилиб турарди. Аслида ҳам, тингловчидан узилиб қолишдан-да ёмонроқ ҳолат бўлмаса керак шоир учун.

Шунда ҳам замон зайли билан интернет орқали Ориповнинг шеърлари чиқиб турди. Қуйида унинг энг сўнгги, АҚШнинг Ҳюстон шаҳрида ёзилган ше'ридан парча келтирилган:

Ҳар бир уйда айғоқчи,

Ҳар қадамда искович,

Одамни кўрса қочар,

Бедовларинг ҳуркович.

Ошингга заҳар солди,

Ғанимларинг бир ҳовуч,

Ёвузларнинг қўлида

Гулдай ватаним қолди,

Бошида паноҳи йўқ

Тулдай ватаним қолди...

Дарвоқе, шоир саломатлиги ёмонлашгач, Ҳюстон шаҳрига даволаниш учун кетишга мажбур бўлади. Ватандан йироқда бўлса-да, қалби ҳамиша Ўзбекистон билан уриб турар, бироқ ҳолати оғирлашиб борарди. 2016-йил 5-ноябр куни 75 ёшида узоқ давом этган оғир касалликдан сўнг шоир ватандан узоқда ёруғ оламни тарк этди. У ҳукумат қарори билан Тошкентдаги “Чиғатой” қабристонига дафн қилинди...

Абдулла Орипов ҳақиқий халқ дардини айтган, оммани халқ қилишга уринган ўтли шоир эди:

Машраб осилганда қаёқда эдинг?

Чўлпон отилганда қаёқда эдинг?

Суриштирганмидинг Қодирийни ё

Қалқон бўлганмидинг келганда бало?

Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан,

Тарихлар тўқилур сенинг номингдан.

Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?

Нечун томошага бунчалар ўчсан?

Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,

Қачон халқ бўласан, эй сен, оломон?!

uzbekistanabdulla oripovsoviet repressionnational anthempoetrypolitical persecutionliterary legacyuzbek literature