Дунё

Руминияда АЕСга сув етказиш учун тўртта кема чўктирилди

Руминияда атом электр стансиясига сув етказиш мақсадида Дунай дарёсига тўртта кема чўктирилди. Бу ҳақда Диги24 нашри “Руминия сувлари” давлат муассасасига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, ушбу тадбир Чернавода шаҳридаги атом электр стансиясини етарли сув билан таъминлаш учун амалга оширилган. Хабарда айтилишича, “назорат остида чўктирилган тўртта баржа дарё оқимининг бир қисмини электр стансиясига сув етказиб берадиган тармоққа йўналтиради”.

Дастлабки иккита баржа 7-август куни, қолганлари эса 8-август куни чўктирилган. Охирги икки баржани чўктириш операцияси етти соат давом этиб, Тошкент вақти билан соат 21:20 да якунланган.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу операция натижасида АЕС яқинидаги сув сатҳи 2–4 сантиметрга кўтарилади. Руминия ҳукумати дастлабки натижаларни ҳафта бошида баҳолаши кутилмоқда.

Чернавода АЕС 1996-йилда ишга туширилган бўлиб, Руминиядаги ягона атом электр стансиясидир. У ҳар бирининг қуввати 700 МВт бўлган иккита энергоблокка эга ва мамлакатдаги электр энергияси истеъмолининг тахминан 18 фоизини таъминлайди.

Июл ойи охирида Дунайда сув сатҳи кескин пасайгани сабабли Чернавода АЕСдаги иккита энергоблокдан бири тўхтатилганди. Иккинчи реакторнинг ишлашини таъминлаш учун Руминия ҳарбийлари дарё ўзанидаги сув ости қоясини портлатган.

Руминия ҳукумати аҳолини электр энергияси истеъмолини камайтиришга, жумладан, кондиционерлардан фойдаланмасликка ва электромобилларни қувватламасликка чақирган. Шунингдек, чироқни ўчириш жадваллари жорий этилган. Мамлакатнинг жануби-ғарбида эса фермерлар учун экинларни суғоришда сувдан фойдаланишга чекловлар киритилган.

Аввалроқ Дунай дарёсида сув сатҳи пасайиб, қарийб 1700 йиллик Рим кўприги қолдиқлари ва Германия ҳарбий кемасининг қолдиқлари сув юзасига чиққани хабар қилинган эди.

energy crisisdanube riverwater levelbargeschernavodadroughtnuclear power plantromania