Россиянинг Мордовия ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида ЙТҲ рўй берди: 2 киши ҳалок бўлди
Россиянинг Мордовия Республикасида юк машинаси Ўзбекистон давлат рақамидаги Спарк автомобилига урилиши оқибатида 2 ўзбекистонлик вафот этди, яна 3 фуқаро жароҳат олди. Бош консулхона жасадларни ватанга қайтариш чораларини кўрмоқда.

Россиянинг Мордовия ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) оқибатида икки киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Қозон шаҳридаги Бош консулхона хабар берди.
Воқеа 6-август куни Мордовия Республикасининг Лямбир туманида, Блохино қишлоғи яқинидаги М-5 “Урал” автомагистралида юз берган. Ҳодисага “МАЗ” юк автомашинаси ва Ўзбекистон давлат рақами билан ҳаракатланаётган Спарк автомобили ўртасидаги тўқнашув сабаб бўлган.
ЙТҲ натижасида Ўзбекистоннинг икки фуқароси – 30 ёшли А.А.П. ва 29 ёшли B.Sh.А. ҳалок бўлган. Яна уч нафар фуқаро – 24 ёшли А.Р.П., 37 ёшли Б.М.А. ва 20 ёшли А.М.П. турли даражадаги жароҳатлар билан Мордовиянинг марказий клиник шифохонасига ётқизилган.
Россия ОАВ маълумотларига кўра, 58 ёшли маҳаллий фуқаро бошқарувидаги “МАЗ” юк машинаси тўхтаб турган Спарк автомобилига урилган. Тарқалган фотосуратларда қора рангли Спарк (давлат рақами 90 Н 146 ТА) орқа қисмидан жиддий шикастланганини кўриш мумкин.
Прокуратура маълумотига кўра, ҳалок бўлганларнинг иккиси ҳам йўловчи бўлган. Спарк ҳайдовчиси ва яна икки йўловчи касалхонага ётқизилган. Юк машинаси ҳайдовчиси жабрланмаган. ЙТҲ юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Бош консулхона вазиятни назоратга олганини маълум қилди. Вафот этганларнинг жасадлари суд-тиббий экспертиза ва бошқа зарур жараёнлардан сўнг Ўзбекистонга қайтарилиши ташкил этилади. Шунингдек, жабрланганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг улар шифохонадан чиқарилган.

