Технология

Россия ва Қирғизистон ягона мобил алоқа оператори яратади

Россия ва Қирғизистон ягона мобил алоқа операторини ташкил этишга келишиб олдилар. Бу ҳақда Россия–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси раҳбари Артём Новиков икки мамлакатнинг иқтисодий форумида маълум қилди.

Ҳозирча ушбу лойиҳанинг амалга ошириш муддатлари ва бошқа тафсилотлари ошкор этилмаган. Россия Рақамли ривожланиш ва оммавий коммуникациялар вазирлиги раҳбари бу ташаббусни икки давлатнинг рақамлаштириш соҳасидаги энг муҳим лойиҳаларидан бири деб баҳолади.

Янги тизим ишга туширилгач, абонентлар СИМ картани алмаштирмасдан ва роуминг тўловларини тўламасдан ҳар икки мамлакатда ҳам мобил алоқа ва интернет хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

Артём Новиковнинг сўзларига кўра, "Қирғизистон ва Россия ўртасида ягона мобил оператор яратиш бўйича келишув имзоланди. Бу икки давлат фуқароларининг ўзаро қатнови ва мулоқотини сезиларли даражада осонлаштиради".

Иқтисодий форум якунларига кўра, Россия ва Қирғизистон ўртасида умумий қиймати 800 миллион доллардан ортиқ бўлган 40 дан зиёд ҳужжат имзоланган. Ушбу ҳужжатлар орасида қуёш электр стансияларини қуриш ва Қирғизистон темир йўллари инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари ҳам мавжуд. Шунингдек, Россия–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси капиталини 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.

raqamlashtirishrossiyahamkorlikqirg‘izistonmobil aloqayagona operatoriqtisodiy forumrouming