Риелторлик бўйича янги қонун қабул қилинди
Риелтор риелторлик ташкилоти таркибида фаолият юритади ва риелторларнинг малака сертификатига эга бўлиши лозим.

Риелторлик фаолиятини тартибга солувчи янги қонун кучга кирди. 2026-йил 7-августда қабул қилинган ЎРҚ–1163-сонли "Риелторлик фаолияти тўғрисида"ги Қонун риелторлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни мақсад қилган.
Ушбу қонунга кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги риелторлик соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Риелтор бўлишни истаган талабгорлар риелторларни ўқитиш дастуридан ўтиб, малака имтиҳонини муваффақиятли топширганларидан сўнг, профессионал жамоат бирлашмаси томонидан штрих кодли малака сертификатига эга бўладилар.
Риелторлар фақат риелторлик ташкилоти таркибида фаолият юритишлари ва малака сертификатига эга бўлишлари шарт. Риелторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар ўзлари ҳақидаги маълумотлар Ягона реестрга киритилган кундан бошлаб риелторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўладилар.
Риелторлик фаолияти қуйидаги хизмат турларини ўз ичига олади:
* Кўчмас мулк обьектлари ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузишда воситачилик.
* Кўчмас мулк обьектлари ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш.
* Кўчмас мулк обьектларини ишончли бошқариш.
* Кўчмас мулк бозорида ахборот, маслаҳат ва реклама хизматларини кўрсатиш.
Шунингдек, хусусий сектор томонидан ташкил этиладиган Мултилистинг тизими жорий этилади. Бу тизим риелторлик хизматларини муддатли шартномалар асосида "ягона дарча" принсипи бўйича кўрсатиш имконини беради ва электрон шаклда ишончли ахборот алмашинувини таъминлайди.

