Давлат хизматчилари учун 11 разрядли ягона иш ҳақи тизими жорий этилиши таклиф қилинди
Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматчилари учун ягона иш ҳақи тизимини жорий этиш таклиф қилинди. Янги тизимга кўра, 54 минг нафар давлат хизматчиси 11 разрядли иш ҳақи сеткасига ўтказилиб, устама ва бонуслар КПИ, малака, ташаббускорлик ҳамда эришилган натижаларга қараб белгиланади.

Давлат фуқаролик хизматчилари учун 11 разрядли ягона иш ҳақи тизимини жорий этиш таклиф қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга давлат фуқаролик хизматчиларининг ойлик иш ҳақи тизими ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини мувофиқлаштириш бўйича тақдимотда маълум қилинди.
Тақдимотда қайд этилишича, ҳозирда давлат хизматчилари иш ҳақининг атиги 15 фоизини лавозим маоши ташкил этади, қолган 70 фоизгача қисми эса ходимнинг аниқ натижаларига боғлиқ бўлмаган устама, мукофот ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлардан иборат. Бу ҳолат бир хил лавозимда ишлайдиган ходимлар ўртасида иш ҳақида катта тафовутларни келтириб чиқармоқда.
Шунингдек, давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини белгиловчи ягона ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги, бу соҳада 50 дан ортиқ алоҳида норматив ҳужжат амалда эканлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан 54 минг нафар давлат хизматчисини қамраб оладиган янги тизим таклиф этилди. Унга кўра, давлат органлари миллий, республика, ҳудудий ҳамда туман ва шаҳар даражаларига, ходимлар эса маъмурий бошқарув, асосий ва қўллаб-қувватлаш гуруҳларига ажратилади.
Халқаро тажриба асосида 11 та разряд ва 6 та поғонадан иборат янги иш ҳақи сеткаси жорий этилиши, ўндан ортиқ устама ва мукофотлар ўрнига эса учта асосий рағбатлантириш тўлови қолдирилиши таклиф қилинди.
Жумладан, устамалар ходимнинг малакаси, функсионал вазифаларни бажариши, ижро ва меҳнат интизоми, ташаббускорлиги ҳамда КПИ самарадорлик кўрсаткичлари асосида ҳисобланади. Шунингдек, муҳим ва мураккаб вазифаларни бажарган, инновацион ёндашувларни жорий этган ва юқори натижага эришган ходимларга ҳисобот даври якуни бўйича бонуслар тўлаш назарда тутилмоқда.
Таклифларга кўра, ҳудудий бошқармалар ходимларининг иш ҳақи тегишли ҳокимликлардаги ўхшаш лавозимлар маошидан юқори бўлмайди. Туман ва шаҳарларда штат бирликлари ҳамда иш ҳақини белгилашда аҳоли сони ва ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинади.
Президент меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида адолат ва шаффофликни таъминлаш, иш ҳақини ходимнинг малакаси, масъулияти ва эришган натижалари билан боғлаш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, бонус тўловлари ходимнинг сунъий интеллект ва бошқа илғор ахборот технологияларини ўзлаштириши, замонавий билим ва кўникмаларини ошириши каби аниқ мезонлар асосида берилиши белгиланди.

