Дунё

Реутерс: Россияда жазо ўтаётган АҚШ фуқароси оғир аҳволда

Россияда жазо ўтаётган АҚШ фуқароси, собиқ денгиз пиёда аскари Роберт Гилман психиатрия бўлимига ётқизилди. Реутерс агентлигига кўра, ҳуқуқ ҳимоячилари унинг аҳволи ўта оғир экани ва қамоқхонада қийноққа солинган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Реутерс агентлигининг хабар беришича, 2022-йилдан бери Россияда ҳибсда сақланаётган АҚШ фуқароси, собиқ денгиз пиёдаси Роберт Гилманнинг аҳволи оғирлашган. У диссоциатив ступор ҳолатига тушган ва унинг ҳаёти хавф остида бўлиши мумкин.

Манбаларга кўра, июн ойининг охирида Воронеждаги жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган Гилман қамоқхона шифохонасидан шаҳар касалхоналаридан бирининг психиатрия бўлимига кўчирилган.

Глобал Реач ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти вакили Эрик Лебсоннинг маълум қилишича, Гилман кататонияга ўхшаш ҳолатда бўлиб, шифокорлар унга "диссоциатив ступор" ташхисини қўйган. Бу ҳолатда инсон ихтиёрий ҳаракат қилиш ва ташқи таъсирларга жавоб бериш қобилиятини деярли йўқотади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, Гилман ҳозир мулоқот қила олмайди, овқат ва суюқликлар зонд орқали бериляпти, кўзлари эса доимо ёпиқ ҳолатда. Шу сабабли у суд мажлисларида ҳам иштирок эта олмаяпти.

Фолей Фоундатион жамғармаси вакили Элизабет Ричардс ҳам маҳкум зарур тиббий ёрдамни олмаётгани ва унинг ҳаёти ҳамда хавфсизлиги юзасидан жиддий хавотирлар мавжудлигини билдирган.

Ричардс ва Лебсоннинг таъкидлашича, Роберт Гилман қамоқда оғир шароитларда сақланган, қийноқларга ҳамда онгга таъсир қилувчи дори воситалари инъексияларига дучор бўлган бўлиши мумкин. Уларнинг фикрича, айнан шу омиллар унинг фуқаролик шифохонасига ўтказилишига сабаб бўлган.

Реутерс маълумотига кўра, АҚШ давлат котиби Марко Рубио 23-июл куни Манилада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувида Гилман масаласини ҳам кўтарган. Вашингтон 32 ёшли АҚШ фуқаросини шошилинч тиббий ёрдам олиши учун озод қилишга эришишга ҳаракат қилмоқда.

Роберт Гилман 2022-йилда Воронежда полиция ходимига нисбатан зўравонлик қўллаганлик айби билан аввал 4,5 йилга озодликдан маҳрум этилган, кейин жазо муддати 3,5 йилга қисқартирилган эди. Бироқ 2024-йилда колония ходимларига ҳужум қилганлик айби билан унинг жазоси 10 йилгача узайтирилган. Айбланувчи айрим ходимларни урганини тан олган, аммо бу ҳаракатларини турли можаролар билан изоҳлаган.

diplomatic effortsimprisonmenthuman rightsrobert gilmanus citizenhealth crisisrussiatorture allegations