Разведка: Путин яқин йиллар ичида НАТО мамлакатларидан бирига ҳужум қилиб кўриши мумкин
Литва мудофаа вазири Робертас Каунас эса Россия Болтиқбўйи мамлакатларидаги муҳим инфратузилмага зарба бериш имкониятини кўриб чиқаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун Москва Украина дронларидан фойдаланиши мумкин.

Разведка маълумотларига кўра: Путин яқин йилларда НАТО давлатларидан бирига ҳужум қилиб, алянснинг қатъиятини синаб кўриши мумкин.
"Тҳе Валл Стреет Жоурнал" нашрининг ёзишича, Америка разведкаси Владимир Путин яқин бир неча йил ичида НАТОга аъзо давлатлардан бирига чекланган ҳужум уюштириб, "НАТОнинг қатъиятини синаб кўриши" мумкин, деб ҳисоблайди. Бу тахминлар янги разведка ҳисоботларида келтирилган.
Аввалроқ АҚШда Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган бир пайтда Путин НАТО билан можарода кескинлик келтириб чиқармайди, деб ҳисобланган эди. Бироқ, энди баҳолар ўзгарган: таҳлилчилар фикрича, Россия-Украина урушида сезиларли муваффақиятлар йўқлиги фонида Россия президентига қандайдир муҳим ғалаба керак. ВСЖ нашри "бурчакка сиқиб қўйилган Путин янада хавфлироқ бўлиб қолиши мумкин" деган хавотирлар мавжудлигини ёзади.
Разведка томонидан кўриб чиқилаётган эҳтимолий таҳдидлар кўлами турлича бўлиб, киберҳужумлар ёки бирор ҳудудни босиб олиш учун диверсантлар юборишдан тортиб, НАТОнинг шарқий қанотидаги мамлакатлардан бирига чекланган тарзда бостириб киришгача бўлиши мумкин. Охирги ссенарийнинг эҳтимоли ҳозирча паст деб баҳоланмоқда, бироқ вақт ўтиши билан бу эҳтимол ортиб боради.
Америка расмийлари фикрича, эҳтимолий ҳужумдан мақсад алянсни парчалаш бўлиши мумкин. Кенг кўламли босқин НАТО Низомининг Коллектив мудофаа тўғрисидаги бешинчи моддасини ишга туширишга сабаб бўлади, аммо гибрид ҳужумлар ёки киберҳужумлар амалга оширилган ҳолатлар учун алянсда аниқ белгиланган ҳаракат режаси йўқ. Масалан, Путин АҚШ бундай ҳолатда иттифоқчиларга фақат чекланган ёрдам кўрсатиши мумкинлигига умид қилиши мумкин.
Америка разведкасига кўра, Россия томонидан тажовузкор ҳаракатлар 2026-йил кузидан 2029-йилга қадар бўлган оралиқда кузатилиши мумкин.
НАТОдагилар ВСЖъга берган расмий изоҳида "мунтазам равишда турли ссенарийлар ўйланиши" ва уларга тайёргарлик кўрилишини айтишган. Алянс вакили Мартин ЎДоннелл ташкилот "зарурат туғилганда тийиб туриш ва мудофааланишга тайёрлиги"ни намойиш этишда давом этаётганини таъкидлаган.
Литва мудофаа вазири Робертас Каунас шу кунларда Россия Болтиқбўйи мамлакатларидаги муҳим инфратузилмага зарба бериш имкониятини кўриб чиқаётганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун Москва Украинанинг қўлга олинган дронларидан фойдаланиши мумкин. Каунас Ғарб иттифоқчилари орасида Украинага бўлган ишончни йўқотиш ва уни қўллаб-қувватлашни камайтириш эҳтимолий ҳужумларнинг мақсади бўлишини айтган. Шу билан бирга, у ҳозирча "тўғридан-тўғри таҳдид" йўқлигини қайд этган.

