Маҳаллий

Рақобат қўмитаси вазирлик тендерини бекор қилдирди

Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги томонидан ўтказилган 587,2 миллион сўмлик тендер рақобат қонунчилигига доир эътирозлардан

Рақобат қўмитаси вазирлик тендерини бекор қилдирди.

Ўзбекистон Республикаси Рақобат қўмитаси Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги томонидан ўтказилган танлов савдосини ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган "Бир манзил, бир телефон — битта тендер" номли танқидий материал асосида ўрганиб чиқди.

Маълумотларга кўра, 2026-йил 27-июл куни марказлашган тадбирларни ташкил этиш хизмати бўйича бошланғич қиймати 587,2 миллион сўм бўлган тендер юзасидан текширув ўтказилган.

Ўрганиш натижаларига кўра, вазирлик "Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя этмагани аниқланди. Қўмита хулосасига кўра, тендер шартларида рақобатни чеклайдиган ёки чеклаши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд бўлган.

Рақобат қўмитаси қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида расмий сўров юборди. Шундан сўнг Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги мазкур танлов савдосини белгиланган тартибда бекор қилди.

Қўмита ушбу қарор давлат харидларида қонунийликни таъминлаш ва тендер жараёнларида тенг рақобат муҳитини сақлашга қаратилганини таъкидлади.

Рақобат қўмитасининг фикрича, аниқланган қонунбузилишларнинг бартараф этилиши давлат маблағларидан самарали ва шаффоф фойдаланишга хизмат қилади.

korrupsiyaraqobatshaffoflikraqobat qo‘mitasidavlat xaridlaritendermaktabgacha va maktab ta’lim vazirligiqonunbuzilish