Рақобат қўмитаси биологик фаол қўшимчалар бўйича жиддий огоҳлантирди
Мазкур маҳсулотлар диабет, инсулт, гастрит, юрак-қон томир, жигар, буйрак, артрит, гипертония ва бошқа касалликларни даволашда

Рақобат қўмитаси биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) борасида жиддий огоҳлантириш эълон қилди.
Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда БФҚ, малҳамлар, суртмалар, балзамлар, дамламалар ва минерал сувларнинг турли касалликларни даволаши ҳақидаги рекламалар кенг тарқалмоқда. Баъзи ҳолатларда бу маҳсулотлар диабет, инсулт, гастрит, юрак-қон томир, жигар, буйрак, артрит, гипертония каби касалликларни даволашда самарали восита сифатида тарғиб қилиниб, истеъмолчиларда уларнинг дори воситаси эканлиги ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлмоқда.
Ваҳоланки, ваколатли органларнинг хулосасига кўра, БФҚларнинг асосий вазифаси организмнинг фойдали моддаларга бўлган кундалик эҳтиёжини қондиришдан иборат бўлиб, улар дори воситаси ҳисобланмайди ва касалликларни даволаш учун мўлжалланмаган. Шу сабабли, БФҚларни даволовчи восита сифатида талқин қилиш ҳамда уларнинг шифобахш хусусиятларини бўрттириб кўрсатиш амалдаги қонунчилик талабларига зид ҳисобланади.
«Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддасига мувофиқ, биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси қуйидагиларни ўз ичига олмаслиги керак:
* Улар дори воситаси ёки даволаш хусусиятига эга деган таассуротни уйғотмаслиги;
* Одамларнинг даволангани ёки аҳволи яхшилангани ҳақидаги ҳолатларга ҳавола қилмаслиги;
* Фуқароларнинг миннатдорлик билдиришлари ёки тавсияларини ўз ичига олмаслиги;
* Соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;
* Тадқиқотлар ёки давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги маълумотлар орқали маҳсулотнинг дори воситаларидан устунлиги ҳақида тасаввур уйғотмаслиги;
* Ҳар бир ҳолатда «Ушбу маҳсулот дори воситаси эмас» мазмунидаги огоҳлантириш билан берилиши шарт.
Эслатиб ўтамиз, реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун молиявий санксиялар қўлланилиши мумкин. Рақобат қўмитаси реклама берувчилар ва реклама тарқатувчиларни қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга, истеъмолчиларни чалғитувчи ёки асоссиз маълумотларни тарқатмасликка чақиради.

