Қозоғистонда эркак ўлган онасининг миллатини ўзгартирди

Қозоғистонда бир фуқаро вафот этган онасининг миллатини ўзгартиришни сўради. Бу ҳақда Тенгриневс Жамбил вилояти судига таяниб хабар берди.
Эркак ўзининг туғилганлик далолатномасидаги онасининг миллатини ўзгартиришни талаб қилди. Ҳужжатда унинг онаси "рус" деб кўрсатилган эди. Бироқ, суд жараёнида тақдим этилган ҳужжатлар аёлнинг бобоси ва бувиси чех ҳамда немис миллатига мансуб бўлганлигини тасдиқлади.
Суд хабарига кўра, "Никоҳ (эр-хотинлик) ва оила тўғрисида"ги кодекс талабларига мувофиқ, онанинг миллати унинг туғилганида чех ёки немис деб қайд этилиши лозим эди.
Дастлаб, тегишли давлат корпорацияси ҳужжатга ўзгартириш киритишдан бош тортган. Аёл вафот этганлиги сабабли, унинг шахсий маълумотларини одатий тартибда ўзгартириш имкони бўлмаган. Бу ҳолат эркакнинг ўз миллий мансублиги ҳақидаги маълумотларни ҳам ўзгартириш имкониятини чеклаб қўйган.
**Суд қандай қарор қабул қилди?**
Ихтисослаштирилган туманлараро маъмурий суд эркакнинг даъвосини қаноатлантирди. Жавобгарга унинг туғилганлиги тўғрисидаги далолатнома ёзувига тузатишлар киритиш ва онасининг миллатини "рус"дан "чех"га ўзгартириш мажбурияти юклатилди. Агар суд қарори бир ой ичида ижро этилмаса, жавобгарга 50 БҲМ (ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичи) миқдорида жарима солиниши мумкин.

