Дунё

Қозоғистонда Амур йўлбарслари очиқ табиатга қўйиб юборилади

Қозоғистон Амур йўлбарсларини ёввойи табиатга қайтариш дастурининг муҳим босқичини якунлаш арафасида. Агар синовлар муваффақиятли ўца, Россиядан келтирилган икки бош вояга етган Амур йўлбарси август ойида табиатга қўйиб юборилиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Экология вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Баҳорда Россиядан олиб келинган тўртта Амур йўлбарси ҳозирда Иле-Балхаш давлат табиат қўриқхонасида мослашув даврини ўтамоқда. Мутахассислар уларнинг саломатлиги ва хулқ-атворини ҳар куни кузатиб бормоқда.

Вазирликнинг хабар беришича, икки бош йирик йўлбарс мустақил ов қилиш кўникмаларини намоён этмоқда. Улар одамлардан ўзини олиб қочади ва тажовуз кўрсатмайди. Иккита ёш йўлбарс ҳам яхши ривожланмоқда, вазн йиғиб, янги муҳитга кўникмоқда.

Мослашув даврида ҳайвонларнинг одамлар билан тўғридан-тўғри алоқаси тўлиқ чекланган. Уларни боқиш масофадан туриб амалга оширилмоқда. Бу йўлбарслар одам ва емиш ўртасида боғлиқлик бор деб ўйламаслиги учун зарур.

**Йўлбарслар қаерда яшайди?**

Якуний қарор қабул қилингач, йўлбарслар Олмаота вилоятидаги қўриқхонага қўйиб юборилади. Ушбу ҳудуд Марказий Осиёда йўлбарсларни кўпайтириш учун энг қулай жой ҳисобланади. 2026-йил бошида қўриқхона майдони 35 минг гектардан ортиқроққа кенгайтирилиб, қарийб 450 минг гектарга етказилди. Йўлбарсларга ГПС бўйинбоғлар тақилади. Бу орқали уларнинг ҳаракати 24 соат давомида реал вақт режимида кузатиб борилади.

**Аҳоли хавфсизлиги қандай таъминланади?**

Экология вазирлиги маҳаллий аҳоли хавфсизлиги учун барча чоралар кўрилганини билдирди. Қўриқхонада йўлбарсларни ҳайдаш ёки зарур бўлганда ушлаб туриш бўйича махсус гуруҳ ташкил этилган.

Агар йўлбарс аҳоли пунктига 5 километргача яқинлашса, чора кўриш учун огоҳлантириш берилади. 2025-йил май ойида аҳоли учун махсус алоқа канали йўлга қўйилган. Шунингдек, йўлбарс чорва молига зарар етказса, етказилган зарар қопланиши таъкидланди.

Аввалроқ Германияда қафасдан қочиб кетган ва бир кишини жароҳатлаган йўлбарс отиб ўлдирилгани ҳақида хабар берилганди.

qozog‘istonamur yo'lbarslariyovvoyi tabiatga qo'yib yuborishyo'lbars populyatsiyasini tiklashile-balxash qo'riqxonasigps kuzatuviaholi xavfsizligiekologiya vazirligi