Спорт

Қозоғистон терма жамоасининг янги бош мураббийи маълум бўлди

Қозоғистон миллий терма жамоасига янги бош мураббий тайинланиши кутилмоқда. Бу лавозимга нидерландиялик мутахассис Жон вант Схип номзоди илгари сурилган. Қозоғистон футбол федерацияси (ҚФФ) расмий сайти маълумотларига кўра, томонлар бу борада келишувга эришган.

Мураббийнинг тайинланиши ҚФФ ижроия қўмитаси томонидан тасдиқлангач, расмий тус олади. Яқин кунларда бўлиб ўтадиган қўмита йиғилишидан сўнг Жон вант Схип билан шартнома имзоланиши режалаштирилган.

Жон вант Схип мураббийлик фаолиятини "Аякс" клубида бошлаган. У турли вақтларда Амстердам клубида бош мураббий сифатида ишлаган, шунингдек, Нидерландиянинг "Твенте" ва "Зволле", Мексиканинг "Гвадалахара" ҳамда Австралиянинг "Мелбурн Сити" жамоаларига устозлик қилган. 2016-йилда у "Мелбурн Сити" билан Австралия Кубогини қўлга киритган. Халқаро миқёсда эса Греция ва Арманистон миллий терма жамоаларини бошқарган.

Федерация хабарига кўра, Қозоғистон миллий терма жамоасининг мураббийлар штабида асосан маҳаллий мутахассислар фаолият юритади. Жумладан, Нурбол Жумаскалиев ва Елдос Ахметов ёрдамчи мураббий, Юрий Новиков дарвозабонлар мураббийи, Вадим Боровский жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий, Тимур Кусаинов эса таҳлилчи вазифасини бажаради.

tayinlovqozog'iston terma jamoasijon vant sxipmurabbiylar shtabifutbol federatsiyasifutbolsportbosh murabbiy