Президентнинг янги қарори эълон қилинди
Ушбу қарор чорвачилик соҳасини ривожлантириш билан боғлиқдир.

Президентнинг янги қарори билан чорвачилик соҳасига субсидиялар ажратилиши белгиланди.
Президентнинг 2026-йил 5-августдаги ПҚ–293-сонли “Чорвачилик тармоғи лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорга мувофиқ, 2026-йил 1-сентябрдан 2030-йил 1-январгача Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан Давлат буджети маблағлари ҳисобидан наслчилик хўжаликларига идентификация қилинган урғочи наслдор қорамолларни ўстиришга қолдириш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ҳар бир даврга алоҳида субсидиялар ажратилади:
- биринчи наслдор урғочи бузоқ учун – 1,5 млн сўм;
- иккинчи наслдор урғочи бузоқ учун – 2 млн сўм;
- бузоқ 12 ойликкача сақланганда – 1 млн сўм;
- бузоқ 12 ойдан 18 ойликкача сақланганда – 1 млн сўм.
Шунингдек, Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги муассислигида қуйидаги вазифаларни бажарувчи сервис корхонаси ташкил этилади:
- хорижий давлатларда чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш;
- хориждан йирик ва майда шохли қорамолларни чорвачилик хўжаликлари ва аҳоли хонадонларига етказиб бериш, шунингдек, ушбу мақсадлар учун мамлакат ҳудудида импорт карантини пунктлари (зоналари)ни ташкил этиш;
- чорва моллари етказиб берилгандан сўнг камида 12 ой давомида озиқлантириш, ветеринария, сунъий уруғлантириш, наслчилик ва зоотехник хизматларни ўз ичига олган сервис пакетини тақдим этиш.

